Туркман деҳқонлари давлат томонидан пахтага арзон нархлар белгилаб қўйилганлиги сабаб, ҳосилнинг бир қисмини озуқа сифатида чорвадорларга сотишни афзал кўришмоқда. Бу ҳақда Turkmen.news хабар беради.
Нашрнинг ёзишича, бундай ҳолат республиканинг қатор вилоятларида кузатилмоқда. Гап машина ёки қўл теримидан кейин ерга тўкилиб қолган паст сифатли пахта хом ашёси ҳақида кетмоқда. Бошқача айтганда, бу далаларда қолиб кетаётган ҳосил чиқиндисидир. Бироқ, улар оқсил ва бошқа озуқавий элементларга бой, шунинг учун чорвачилик билан шуғулланадиган фермерлар мазкур хом ашёни сотиб олишади ва уни озуқага айлантиришади.
Чорвадорлар нақд пул ва давлатга нисбатан анча кўп пул тўлаётганидан пахтакорлар мамнун. Савдо қуйидагича тузилган: масалан, Мари вилоятида фермерлар йўл четида туришади ва ҳар бирида икки тоннагача юк босадиган тиргакдаги пахта чиқиндилари (подбор)ни сотиб олишни истаган ҳар бир кишига таклиф қилишади. Товарнинг нархи пахтанинг «тозалигига» қараб 1500-2000 (давлат курси бўйича тахминан 500 доллар, қора бозор курсида эса 100 доллар атрофида) туради. Очиқ савдолар январь ойида расмийлар одатда режанинг бажарилиши ҳақида ҳисобот беришлари билан боғлиқ бўлади, гарчи сўнгги йилларда бу ҳақда расман хабар берилмаётган бўлсада. Бироқ, баъзи деҳқонлар кўчада пахта қолдиқларини сотишдан эҳтиёт бўлиб, чорвадорлар керак бўлганда улар билан боғланишлари учун телефон рақамларини «реклама» қилишни афзал кўришади.
Нашр суҳбатдошларининг фикрича, давлатнинг бу ҳодисага қарши курашиши бефойда. Уларнинг фикрига кўра, кўп йиллар давомида ўзгармаган харид нархларини ошириш осонроқ. Ёки қишлоқ хўжалигини мутлоқ тартибга солиш, хусусан, бозор муносабатларини жорий этиш, фермерларга кўпроқ эркинлик бериш ёндашувларини қайта кўриб чиқиш маъқулроқ.
Туркманистонда ер давлатга тегишли бўлиб, давлат фермерларни уруғлик ва техника билан таъминлайди, лекин барча маҳсулотларни юқоридан белгиланган нархларда сотиб олади. Маълум бўлишича, фермерлар фақат шартнома шартлари асосида ерни ижарага олишади, лекин пахта ёки буғдойни бозорда сотиш ҳуқуқига эга эмаслар.