Туркманистон Бош прокурори ишдаги камчиликлари сабаб лавозимидан озод этилди

Сердар Мяликгулиев (чапда), Бегмурат Муҳамедов. "Фарғона" коллажи

Туркманистон Бош прокурори Сердар Мяликгулиев ўз лавозимидан озод этилди. Унинг ишдан бўшатилиши сабабини мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов «ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги ва прокуратура ишини ташкил этиш даражаси пастлиги» билан изоҳлади, деб ёзади «Туркменистан – Золотой век» нашри.

Давлат раҳбари ўз қарорини Давлат хавфсизлик кенгаши йиғилишида Мялиқгулиевнинг прокуратура органларининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаганидан кейин маълум қилган. Ишдан бўшатилган Бош прокурор бу лавозимда 2022 йил 5 июлдан бери фаолият юритиб келган, у аввал Ашхобод прокурори бўлиб ишлаган, деб эслайди «Хроника Туркменистана» нашри.

Туркманистоннинг янги Бош прокурори этиб 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Бегмурат Муҳамедов тайинланди. У «Ҳарбий қасамёдга содиқлик, Ватанга абадий садоқат, халқнинг осуда ва бунёдкорлик ҳаёти ҳимоясида фидокорона туришга тайёрлик белгиси сифатида» тантанали қасамёд қилган ва давлат байроғи четидан ўпган.

Сердар Бердимуҳамедов Мухамедовга қонунлар ижроси ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунийлиги устидан қатъий назоратни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қуйи тузилмаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва прокурорларнинг турмуш шароитини яхшилаш бўйича топшириқлар берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ