Қирғизистон МХДҚ раҳбари собиқ божхоначи Матраимовни «коррупциянинг классик намунаси» деб атади

Райимбек Матраимов. kloop.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовни «коррупциянинг классик намунаси» деб атади. Хавфсизлик ходимининг қўшимча қилишича, ушбу амалдор даврида божхона бюджетга ҳозиргидан бир неча баробар кам маблағ йўналтирган. Бу ҳақда Kaktus.Media хабар берди.

Ташиев 27 январь куни Сузоқ шаҳри аҳолиси билан учрашувда коррупция мавзусини кўтарди. У, жумладан,

Матраимов даврида ДБХ максимал 37 миллиард сўм (414 миллион доллар) йиғган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 130 миллиардга (тахминан 1,5 миллиард доллар) етганини таъқидлади.

««Райим Матраимов» дейишганда ҳамма унинг олдида тиз чўккан. Унинг овозини эшитганда ҳамма унинг олдига югуриб келган. Қандай бизнес ҳисобига бойиган? У ўнлаб йиллар давомида давлатни ўғирлаш ҳисобига бойиган. Энди бундай бўлмайди», — дея ваъда берди қўмита раҳбари.

МХДҚ раисининг ишонтиришича, энди Қирғизистон ҳукумати «Райим-миллион» каби кланлар пайдо бўлишига йўл қўймайди, улар бундан буён оддий одамлар қатори яшайди.

Аввалроқ Ташиев Бишкек ва Ўшда Матраимовга тегишли мулк мусодара қилингани ҳақида хабар берганди. Маълум бўлишича, собиқ мансабдор 80 миллион долларлик корхона, қурилиш ва ер участкалари, завод-фабрикаларга эга бўлган. Шу билан бирга, МХДҚ раҳбари қўмита жараённи давом эттиришини ва якунда қочқин божхоначининг бутун Қирғизистон бўйлаб мол-мулки давлатга қайтарилишини айтди.

Матраимов қидирувга берилгани 26 январь куни маълум бўлди. У Республика Жиноят кодексининг 169-моддаси («Шахсни мансаб жинояти белгилари бўлмаганда мажбуран ушлаб туриш орқали унинг ҳаракат эркинлигини чеклашга кўмаклашиш») да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда. Тахминларга кўра, ўтган йил кузида собиқ амалдор Туркияга, у ердан Дубайга (БАА) кетган бўлиши мумкин. ОАВда Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари 700 миллион долларга яқин маблағни мамлакатдан олиб чиқиб кетгани ҳақида маълумот тарқалган.

ℹ️ Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача Давлат божхона хизматида ишлаган. 2020 йили у жиноий ишда айбланувчига айланади. 2021 йил 11 февралда «Коррупция» моддаси билан судланган. Матраимов тергов билан битим тузиб, давлатга 2 миллиард сўм (24 миллион доллар) тўлагани туфайли қамоқ жазосидан қутулишга муваффақ бўлган (гарчи Қирғизистонда ушбу модданинг санкциясида фақат қамоқ жазоси назарда тутилган). Суд собиқ божхоначини 260 минг сўм (3 минг доллар) миқдорида жаримага тортган, бу эса жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган.

Кейинроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси унга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш айби билан иш қўзғатган, бунга журналист суриштирув материаллари сабаб бўлган. Унда, хусусан, Матраимовнинг Дубайда қимматбаҳо мулки борлиги ҳақида сўз юритилган, бироқ разведка хизмати бу маълумотни тасдиқлай олмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди