Раҳмон Бош прокуратура ва вилоят ҳокимликларида навбатдаги «кадрлар тозалаш» ишларини амалга оширди

asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон назорат маҳкамасида кадрлар ўзгаришини амалга ошириб, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, Бош прокурор ўринбосари, шунингдек, Бош ҳарбий прокурорни ўзгартирди. Бу ҳақда республика раҳбари сайтида сўз юритилган.

Президент матбуот хизмати таъкидлашича, Бош прокурор ўринбосари Дилшод Талбакзода ва Мирзоамон Рофизода ўз лавозимидан озод этилган. Мамлакат Конституциясига мувофиқ, Раҳмон парламент муҳокамасига бошқа номзодларни таклиф қилган: биринчи ўринбосар лавозимига Умед Каримзодани, Назорат маҳкамаси бошлиғи ўринбосари лавозимига Сарвар Алимзодани.

Бош ҳарбий прокурор (у ҳам бош прокурор ўринбосари мақомида) лавозимига ишдан озод этилган Икром Заирзода ўрнига Раҳмон Президент ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлиги директори лавозимидан озод этилган Ҳабибулло Воҳидзода таклиф қилган. Ўз навбатида Зафар Самад агентликка раҳбар этиб тайинланган.

Бундан ташқари, Тожикистон раҳбари Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ) маъмуриятида «тозалаш»лар ўтказган. Қуйидаги туман раҳбарлари ишдан бўшатилган:

✔️ Дарваз тумани;

✔️ Шуғнон тумани;

✔️ Рушан тумани;

✔️ Роштқала тумани;

✔️ Ишкашим тумани.

Улар билан бирга Хатлон вилояти Хуросон тумани раиси ҳам ишдан бўшатилган. Қайд этилишича, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг барча лавозимларига вазифасини бажурувчи мақомида мансабдор шахслар тайинланган.

Президент билан келишилган ҳолда Тоғли Бадахшон раҳбарининг янги ўриносарлари, ушбу вилоят прокурори, шунингдек, Хатлон вилояти, Душанбе, Кўлоб, Бохтар, Сино ва Кушониён туманлари прокуратура бошлиқлари тасдиқланган.

Бу жорий йилдаги учинчи «тозалаш»дир. Шу тариқа, 16 январь куни Раҳмон ўз аппаратида, айрим вазирлик ва олий ўқув юртларида ўзгаришлар киритган. Жумладан, давлат раҳбарининг тараққиёт ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Эмомали Насриддинзода ўз лавозимидан айрилган ва Тожикистон Миллий университети ректори этиб тайинланган. Президент аппаратининг ҳуқуқий масалалар бўйича яна уч нафар маслаҳатчиси пенсияга жўнатилган.

Раҳмон 19 январь куни Хатлон вилояти куч тузилмалари фаолиятини қаттиқ танқид қилиб, тегишли вазирлик ва идораларнинг бир қатор юқори лавозимли амалдорларини ишдан бўшатган эди. Бундан ташқари у Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл инспекцияси ходимлари сонини 30 фоизга қисқаришга доир фармонни имзолаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ