Қирғизистон футбол иттифоқи раҳбарияти истеъфога чиқди

Медербек Сидиқов. ҚФИ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон футбол иттифоқи (ҚФИ) ижроия қўмитаси ва президенти Медербек Сидиқов истеъфога чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда ҚФИ расмий сайти хабар берди.

Сидиқов 29 январь куни футбол иттифоқи Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида истеъфога чиқиши ҳақида маълум қилган.

«Йиғилишнинг тасдиқланган кун тартибига кўра, ҚФИ президенти Медербек Сидиқовнинг Қирғизистон Республикаси футбол терма жамоасининг Осиё Кубоги-2023даги ўйини натижалари тўғрисида ахбороти тингланди. Миллий терма жамоа аъзоси Медербек Сидиқов ҚФИ президенти лавозимини тарк этишини маълум қилди», — дейилади хабарда.

Аниқлик киритилишича, Ижроия қўмитасининг бутун таркиби ҳам «ўз масъулиятини ҳис қилган ҳолда» ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Баёнотда айтилишича, қарор «маҳаллий футбол ривожига янги туртки бериш, шунингдек, ҚФИ бошқарув жамоасига янги одамларни жалб қилиш зарурати» билан асосланади.

Президент ва ижроия қўмитасининг ваколатлари 2024 йил 19 февралда бўлиб ўтадиган ҚФИнинг навбатдан ташқари съездигача амал қилади ва шу вақтда Иттифоқнинг янги раҳбари сайлови ўтказилади.

Медербек Сидиқов ҚФИ президенти лавозимига 2021 йил октабрь ойида, ижроия қўмитасининг амалдаги таркиби эса 2022 йил апрель ойида сайланган. Сидиқов қўл остида ўтган йил баҳорида терма жамоани узоқ йиллардан буён бошқарган, икки марта Осиё Кубогига олиб чиққан Александр Крестинин кутилмаганда истеъфога чиққан. Мамлакат терма жамоасини Осиё Кубогига олиб чиқиш ишониб топширилган янги мураббий, словакиялик мутахассис Стефан Таркович, эҳтимол, ҚФИ тавсиясига кўра, мусобақа бошланишига икки ой қолганида таркибни ёшартиришни бошлаган. Мураббийлар штаби қарорига кўра, жамоа учун муҳим бўлган бир қанча фахрийлар, жумладан Қирғизистон тарихидаги энг яхши тўпурарлар Мирлан Мурзаев ва Антон Землянухи, собиқ сардор Азамат Байматов, голлари билан жамоани Осиё Кубогига чиқаролган Виктор Майер, шунингдек бошқа бир қатор тажрибали футболчилар жамоа сафидан чиққан. Натижада Қирғизистон терма жамоаси мусобақанинг гуруҳ босқичида Таиланд ва Саудия Арабистони терма жамоаларига имкониятни бой бериб, Уммон билан дуранг ўйнади ва плей-оффга чиқа олмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди