Қирғизистон Бош прокурори: Полиция ходимларига нисбатан 77 та жиноий иш қўзғатилди

Бош прокурор Қурманқул Зулушев. akipress.org сайти фотосурати

Қирғизистонда ўтган йили фуқароларнинг мурожаатлари асосида полиция ходимларига нисбатан 77 та жиноий иш қўзғатилган. Асосан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, ноқонуний жавобгарликка тортиш ва жиноятларни яширишда айбланмоқда. Бу ҳақда 31 январь куни Республика Бош прокурори Қурманқул Зулушев матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради АКИpress.

Назорат маҳкамаси раҳбарининг аниқлик киритишича, унинг қўл остидаги ходимлари бутун республика бўйлаб бир ҳафта давомида ИИВ ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан аҳолидан тушган мурожаатлар бўйича текширув ўтказган. Зулушевнинг сўзларига кўра, назоратнинг ёмонлиги учун нафақат ички ишлар ходимлари, балки прокурорлар ҳам жавобгарликка тортилган.

Журналистлар билан суҳбатда мулозим ўтган йил октабрь ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус бўлинмалари томонидан отиб ўлдирилган «Коля-қирғиз» лақаби билан танилган криминал бошлиқ Қамчибек Кўлбаевнинг йўқ қилиниши тафсилотларини маълум қилди. Зулушев «қонундаги ўғри» ҳақиқатан ҳам хавфсизлик кучларига қаршилик кўрсатганини тасдиқлади, шунинг учун жангчилар ўлдириш учун ўт очишга мажбур бўлишган. Бош прокурорнинг қўшимча қилишича, махсус бўлинмалар ўз ваколатлари доирасида иш олиб борган, шунинг учун МХДҚ ходимларига нисбатан иш қўзғатилмаган.

Шунга қарамай, назорат органи раҳбарининг таъкидлашича, расмийлар қуролли кучлар вакиллари томонидан содир этилган жиноятлар бўйича қатор жиноий иш қўзғатган. Шу муносабат билан 2023 йил 14 декабрда ҳарбий прокурор Сағиндиқ Муқашов лавозимидан озод этилган ва унинг ўрнига Мирбек Расулов тайинланган. Зулушев мазкур тузилма раҳбариятига талаблар кучайиши, унинг таркиби 50 фоизга ўзгаришини маълум қилди.

Бош прокурор жиноятлар статистикасини ҳам эълон қилди. Хусусан, 2023 йили коррупция ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ 1116 та ҳолат қайд этилган. Шундан 402 та иш судга оширилган, 364 таси турли ҳолатларга кўра тугатилган. Зулушевнинг сўзларига кўра, давлатга етказилган зарар миқдори 5,2 миллиард сўмни (58 миллион доллардан ортиқ) ташкил қилган. Шу билан бирга, қоидабузарлардан 3,4 миллиард (38 миллион доллар) сўм ундирилган.

Ҳисобот даврида хотин-қизларга нисбатан 8340 та жиноят қайд этилиб, уларнинг 3867 таси бўйича материаллар судга оширилган.

Бош прокуратура раҳбари маҳкама хорижлик ҳамкасблар билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётганини алоҳида таъкидлаган. Расмий статистик маълумотларга кўра, 2023 йили Қирғизистонда қидирувда бўлган 66 нафар хорижлик қўлга олинган. Уларнинг аксарияти Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркияга экстрадиция қилинган. Шунингдек, қирғизистонликлар ўз ватанларига қайтарилиб, уларга нисбатан ўз юртида жиноий иш очилган. Шу каби 76 та ҳолат қайд этилган. Расмийларга ёрдам кўрсатган давлатлар орасида Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Швеция, Туркия ва Қозоғистон бор. Яна 37 нафар ватандошни юртга қайтариш жараёни давом этмоқда. Зулушевнинг қўшимча қилишича, республиканинг 1452 нафар фуқароси чет эллардаги қамоқхоналарда жазо ўтамоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди