Садир Жапаров Қирғизистонда сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларига ҳеч қандай чекловлар йўқлигини таъкидлади

Садир Жапаров. kabar.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров республикада сўз эркинлигини чеклаб бўлмаслигини айтди. Бироқ вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдор одамлар борки, улар ташвиқот ёрдамида халқ орасида ҳукуматга нисбатан танқидий муносабатни шакллантирадилар. Бу ҳақда давлат раҳбари «Кабар» нашрига берган интервьюсида Temirov Live онлайн-лойиҳаси журналистлари ишига берган изоҳида гапириб ўтди.

Мамлакат раҳбари суҳбатдоши қамоқдаги ОАВ вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг яқинлари мустақил матбуот билан вазият ёмонлашгани ҳақида гапираётганини айтган. Президент бунга жавобан «сўз эркинлиги» атамаси ортига яшириниб, хоҳлаганини қиладиган бундай одамларни «сохта ватанпарварлар» деб атади.

«Одамлар орасида танқидий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари фаол олиб борилмоқда. Бу давлатчилигимизга, менталитетимизга, урф-одатларимизга зиддир. Ёлғон маълумотлар тарқалмоқда, кимгадир туҳмат қилишга уринишлар кўпайган»,дея таъкидлайди сиёсатчи.

Бир неча соатдан кейин «Кабар» ахборот агентлиги Жапаровнинг интервьюси матнини ўзгартириб, ундан «халқ орасида танқидий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган тарғибот» ҳақидаги иборани олиб ташлади.

Президент қўшимча қилишича,

мамлакат расмийлари «вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган худбин мақсадларнинг ҳақиқатга айланишига» йўл қўймайди.

Президентнинг фикрича, агар республика раҳбарияти ҳақиқатан ҳам сўз эркинлигига босим ўтказганида, халқ аллақачон кўтарилган бўларди. Шу билан бирга, у амалдорларни конструктив танқид қилиб, порахўр амалдорларни фош қилаётган қирғиз халқини олқишлади.

«Биз улардан фақат фойда оламиз. Бундай фуқаролар Интернет орқали ёки Горький майдонида ўз фикрларини айтишлари ва мурожаат қилишлари мумкин. <…> Бу ерда улар хоҳлаган нарсани гапиришади. Майли гапирсин», — деди давлат раҳбари.

Жапаров Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари тўлиқ ҳурмат қилинишини таъкидлади.

У инсон омили — суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан боғлиқ айрим камчиликлар борлигини таъкидлади. Бироқ, президентнинг сўзларига кўра, бундай камчиликлар дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам учраб туради.

Шу билан бирга, сиёсатчи Қирғизистонда демократия даражаси кўплаб давлатлардагидан анча юқори эканлигига ишонч билдирди. Бироқ, президент тан олганидек, бу борада атамани нотўғри йўналишда ишлатишга уринаётган фуқаролар ҳам учраб турибди.

«Демократия ниқоби остида ёлғон маълумотлар тарқатилиб, тартибсизликларга чақирилмоқда. Улар кимнидир ҳақорат қилиб, ҳеч нарса бўлмагандек юришлари мумкинлигига ишонишади. Айрим ахборот сайтлари маълумотларнинг ишончлилигига ишонч ҳосил қилмасдан, текширув ўтказмасдан, ёлғон хабарларни чоп этиб, уларни ҳақиқат сифатида кўрсатишмоқда»,деди Жапаров, аниқ нашрлар ва блоггерларнинг номини айтмай.

Хулоса ўрнида, республика раҳбари Қирғизистоннинг демократия ва сўз эркинлиги бўйича жаҳон рейтингидаги мавқеи тушиб кетганига изоҳ берди.

«Агар биз уларнинг [рейтинг тузувчилари] шартларига рози бўлганимизда, табиатимизга зид зарарли сиёсатни сингдирганимизда, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича рейтингда биринчи ўринга чиққан бўлардик. Бизга вақт ўтиши билан давлатни маънавий жиҳатдан йўқ қиладиган етакчилик керак эмас», — дея хулоса қилди президент.

ℹ️ 16 январь куни ИИВ вакиллари Temirov Live ва «Айт Айт Десе»нинг собиқ ва ҳозирги ходимларининг уйларида тинтув ўтказди. Ҳаммаси бўлиб 11 киши тинтув ва қўлга олинган. Вазирликнинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мазкур нашрлар саҳифаларидаги контент юзасидан ўтказилган суд-лингвистик экспертиза натижаларига кўра, Қирғизистон Жиноят кодексининг 278-моддаси («Оммавий тартибсизликларга чақирувлар») билан жиноят иши қўзғатилган. 17 январь куни барча қўлга олинганлар 13 мартгача ҳибсга олинган.

Президент Жапаров мазкур ҳолатга изоҳ берар экан, маҳбуслар профессионал журналистлар эмас, балки масъулиятсизлик билан турли маълумотларни, жумладан, мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган маълумотларни эълон қилаётган блогерлар эканини таъкидлади.