Қирғизистон хавфсизлик кучлари собиқ божхоначи Матраимовнинг қарийб 35 миллион долларлик мулкини давлатга ўтказди

Райимбек Матраимовдан мусодара қилинган объектлардан бири. 24.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари республика божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовга тегишли бир қатор кўчмас мулк объектларини давлат мулкига ўтказганини маълум қилди. Бу ҳақда 24.kg МХДҚ пресс-релизига таяниб ёзади.

Қўмитанинг таъкидлашича,

республика даромадига ўтказилган мулкнинг умумий қиймати 34,8 миллион доллар ёки қарийб 4 миллиард сўмни ташкил этади.

Матраимов ва унинг атрофидагилар томонидан ноқонуний равишда қўлга киритилган кўчмас мулклар рўйхатига қуйидагилар киради:

👉 Бишкекдаги «Бай Таш Тоwер» турар-жой мажмуасининг умумий майдони саккиз минг квадрат метрдан ортиқ беш қавати – дастлабки қиймати 16,3 миллион доллар;

👉 Ўш шаҳридаги «Ихлас» қурилиш компаниясидаги умумий майдони беш минг квадрат метр бўлган нотураржой тижорат бинолари – 7,6 миллион доллар;

👉 Ўш вилояти Қора-Сув туманидаги 3,87 гектар ер участкасига жойлашган «БИМИ Ош Сервиcе» БРЖ (бошхона расмийлаштирув жойи) – 4 миллион доллар;

👉 Бишкекдаги «Эрем» спорт клуби умумий майдони 538 квадрат метр – 1 миллион доллар;

👉 Бишкекдаги умумий майдони 700 квадрат метр бўлган офис майдони – 2,5 миллион доллар;

👉 «ЮниЛаб» БРЖ Чуй вилояти Иссиқ-Ота туманидаги 37,3 гектар ер участкаси билан – 1,3 миллион доллар;

👉 Ўш шаҳридаги «Имарат Стиль» МЧЖ қурилиш компаниясида умумий майдони 1,4 минг квадрат метр бўлган IMPERIAL нотураржой тижорат бинолари — 2,1 миллион доллар.

Шу билан бирга, МХДҚ аниқлик киритишича, тергов Матраимовнинг жиноий йўл билан олинган бошқа мол-мулкларини аниқлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирларини давом эттирмоқда. Хавфсизлик кучлари томонидан аниқланган барча нарсалар кейинчалик давлат мулкига ўтади.

Жорий йил январь ойи охирида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев қочқинда бўлган Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовни «коррупциянинг классик намунаси» деб атаган эди. МХДҚ раҳбарининг сўзларига кўра, Матраимов даврида Давлат божхона хизмати кўпи билан 37 миллиард сўм (414 миллион доллар) ундирган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 130 миллиард (тахминан 1,5 миллиард доллар)га етмоқда. Ташиев, шунингдек, Қирғизистон ҳукумати энди «Райим-миллион каби кланлар» пайдо бўлишига йўл қўймаслигини таъкидлади.

ℹ️ Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача Давлат божхона хизматида ишлаган. 2020 йили у жиноий ишда айбланувчига айланади. 2021 йил 11 февралда «Коррупция» моддаси билан судланган. Матраимов тергов билан битим тузиб, давлатга 2 миллиард сўм (24 миллион доллар) тўлагани туфайли қамоқ жазосидан қутулишга муваффақ бўлган (гарчи Қирғизистонда ушбу модданинг санкциясида фақат қамоқ жазоси назарда тутилган). Суд собиқ божхоначини 260 минг сўм (3 минг доллар) миқдорида жаримага тортган, бу эса жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган.

Кейинроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси унга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш айби билан иш қўзғатган, бунга журналист суриштирув материаллари сабаб бўлган. Унда, хусусан, Матраимовнинг Дубайда қимматбаҳо мулки борлиги ҳақида сўз юритилган, бироқ разведка хизмати бу маълумотни тасдиқлай олмаган.