Туркманистоннинг Болқон вилояти ҳокимияти эгалари VPN хизматларидан фойдаланган турар-жой биноларига интернетдан фойдаланиш имкониятини чеклаб қўйган. Шунингдек, фойдаланувчилардан келажакда VPN-дан фойдаланмаслик тўғрисида тушунтириш хатлари олинган, деб хабар беради «Азатлик» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг ҳудудий бюроси) маҳаллий аҳолига таяниб.
«Туркманбошида ҳар ойнинг биринчи куни интернет ўчирилади. У резидентлар обуна тўловини амалга оширгандан кейингина қайта уланади. Лекин бу сафар тўлов амалга оширилгандан кейин ҳам интернет уланмади ва 3-4 кунгача кўплаб хонадонлар тармоққа улана олмади», — дейди исмини ошкор қилишни истамаган шаҳарликлардан бири.
Аҳоли «Туркментелеком» телекоммуникация агентлигининг маҳаллий бўлимларига оммавий равишда мурожаат қила бошлашган, улар «интернетдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланганликлари» сабабли тармоққа кириш имконияти чекланганини айтишган.
Манбага кўра, филиал ходимлари фуқароларга Миллий хавфсизлик вазирлиги ва Киберхавфсизлик бошқармаси ходимлари билан суҳбатдан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабар беришган, бунда улар фойдаланувчи VPN дан бошқа фойдаланмаслиги тўғрисида тилхатга имзо қўйишлари керак бўлади. Фақатгина ушбу шартлар билан уларнинг Интернетга уланиши тикланади.
Бундан ташқари, юзлаб фуқаролардан VPN хизматлари ўрнатилган қурилмаларини маҳаллий «Туркментелеком» офисининг мажлислар залига олиб келишлари талаб қилинган.
«4 февраль, якшанба дам олиш куни бўлишига қарамай, киберхавфсизлик бўлимининг 10 дан ортиқ ходими ушбу қурилмаларни текширишган. Кейин улар фуқаролардан тилхат олишган, шундан сўнг уларнинг уйларида интернет қайта уланган. Тушунтириш хатини ёзишдан бош тортганлар ҳамон интернетсиз қолмоқд», — дейди Азатлик суҳбатдоши.
Маҳаллий аҳоли хориждаги қариндошлари билан алоқада бўлган мессенжерлар, жумладан, IMO, VPNсиз ишламаслигини таъкидлаб, расмийларнинг ҳаракатларидан норозилигини билдира бошлашган. Хавфсизлик ходимлари норози фуқароларни сўроққа тутишган, бироқ уларни ушлаб туришмаган.
Ўтган йил декабрь ойидаги маълумотларга кўра, Туркманистонда 2,5 миллиарддан ортиқ IP-манзиллар блокланган, яъни дунёда мавжуд 4 миллиарднинг ярмидан кўпи. Бундан ташқари, ушбу мамлакатда интернет тезлиги сайёрадаги энг секин кўрсаткичлардан бири бўлиб, республика тегишли рейтингда мунтазам равишда охирги ўринларни эгаллаб келади.