Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон судининг Kloop Mediaни ёпиш қароридан ҳайратда қолганини билдирди

golosameriki.com сайти фотосурати

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (The Committee to Protect Journalists, CPJ) Қирғизистон судининг мамлакатдаги етакчи Kloop («Клооп») Kloop сайтини бошқарадиган Kloop Media нотижорат ташкилотини ёпиш тўғрисидаги қароридан ҳайратда қолган. Бу ҳақда CPJ баёнотида айтилади.

«Январь ойида Temirov Live коррупцияга қарши нашри билан алоқадор журналистларнинг оммавий ҳибсга олиниши ортидан, нафақат Қирғизистонда, балки бутун Марказий Осиёда энг обрўли оммавий ахборот воситаларидан бири бўлган Kloopнинг мажбурий ёпилиши – Қирғизистон расмийларининг авваллари мамлакатни авторитар қўшниларидан ажратиб турувчи журналистик тадқиқот марказини йўқ қилиш ниятида эканидан далолат беради»дейди CPJнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастурлари координатори Гулноза Саид.

Қўмита расмий Бишкекни «Клооп» фаолиятини давом эттиришига, матбуотга қарши кампанияга барҳам беришга ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишига имкон беришга чақирди.

Kloop бош муҳаррири Анна Капушенконинг CPJга айтишича, нашр даъволарни рад этади ва апелляция ишни кўриб чиққунга қадар фаолиятини давом эттиришни режалаштирган.

ℹ️ Kloop Media фондини ёпиш тўғрисидаги қарор 9 февраль куни Бишкекнинг Октябрь туман суди томонидан қабул қилинган. Шундай қилиб, Қирғизистон пойтахти прокуратурасининг мазкур ташкилот уставида журналистик фаолият назарда тутилмаганликка доир даъвоси қаноатлантирилган. Даъво аризасида, хусусан, «Клооп» амалдаги ҳукумат сиёсатини кескин танқид қилиши ва амалдорларни обрўсизлантиришга қаратилган матнларни чоп этаётгани айтилган.

Kloop юқори лавозимли амалдорларнинг қариндошлари, жумладан, мамлакат президенти Садир Жапаров ва Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистонда Испания футбол клуби франшизаси остида «Барселона» футбол академияси қурилишида иштирок этгани ҳақидаги суриштирувини эълон қилган куни 22 августда прокуратура судга мурожаат қилган.

Сентябрь ойида «Клооп» Қирғизистон Маданият вазирлигининг материални ўчириш ҳақидаги сўровини бажаришдан бош тортган, вазирлик маълумотларига кўра, унда ёлғон маълумотлар мавжуд бўлган. Гап «Сиёсатчи Равшан Жеенбеков 1- тергов изоляторида қийноққа солинаётганини айтди» рукни остидаги материал ҳақида кетмоқда. Агар талаб бажарилмаса, Маданият вазирлиги нашрнинг веб-сайтига киришни икки ой муддатга блоклаш билан таҳдид қилган. Бунга жавобан «Клооп» Маданият вазирлигига шикоят юборади ва унда республика қонунчилигига кўра, фақат суд ҳукмига кўра материалларни олиб ташлаш ёки у ҳақда раддия берилиши мумкинлиги айтилган. Бироқ, вазирлик шикоятни рад этган ва тез орада интернет-провайдерлар «Клооп» сайтига киришни блоклай бошлаган.

Нашр таҳририяти воқеалар ривожини олдиндан кўриб, ўз материалларини такрорлайдиган бир нечта кузгу-манбаларни тайёрлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ