9 февраль куни Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ўтган йил якунлари ва 2024 йилга мўлжалланган режаларга доир кенгайтирилган ҳукумат йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси таркибидаги кадрлар ўзгаришини маълум қилди. Жумладан, у тўртта вазирлик раҳбарини ўзгартирди, деб хабар беради «Туркменистан сегодня» нашри.
Республика ҳукумати таркибида қуйидаги ўзгаришлар рўй берди:
👉 Гуванч Ўрунов ўрнига Абдулла Гелдиев Қурилиш ва архитектура вазири этиб тайинланди;
👉 Қишлоқ хўжалиги вазирлигини Назармират Назармиродов ўрнига Чарияр Четиев бошқаради;
👉 Гурбангул Атаева ўрнига Байрамгул Ораздурдиева Халқ таълими вазирлиги раҳбари этиб тайинланди;
👉 Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати вазирлиги раҳбари Атагелди Германов ўрнига Мират Маммедов тайинланди.
Барча ҳолларда, ҳукуматнинг собиқ аъзолари «бошқа ишга ўтгани муносабати билан» ибораси билан ишдан бўшатилди. Бироқ улар фаолиятини айнан қаерда давом эттириши аниқланмаган.
Бундан ташқари, йиғилишда маҳаллий ҳокимият тузилмасидаги ўзгаришлар, хусусан, президент Ашхободнинг бир қанча туманлари раҳбарлари ва мамлакат вилоятларидаги юқори лавозимли амалдорларни ўзгартирди.
Кичик Бердимуҳамедов ва бошқа мутасаддилар 2023 йил якунларини сарҳисоб қилар экан, ижтимоий-иқтисодий соҳада бир қатор ютуқларга эришилганини алоҳида таъкидлади.
Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши 6,3 фоизни ташкил этган (гарчи, Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, бу кўрсаткич 2,4 фоиздан ошмаган).
Саноат, қурилиш, савдо, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда ижобий динамика кузатилмоқда. Энергетика соҳасида барқарор ўсиш юз берган: ҳисобот даврида корхоналар томонидан 80,6 миллиард куб метрдан ортиқ табиий газ ва 8,3 миллион тоннадан ортиқ нефть ишлаб чиқарилган.
Экспорт ҳажми 11,4 миллиард долларга етган.
Шунингдек, 12274 та янги иш ўрни яратилган. Бундан ташқари, туркман оммавий ахборот воситалари таъкидлаганидек, ўтган йили 3 мингга яқин фуқарони иш билан таъминлаш режалаштирилган эди. Фермерлар мўл ҳосил етиштириб, республика озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлади. Қурувчилар томонидан икки миллион квадрат метрга яқин уй-жой фойдаланишга топширилган, Аркадаг шаҳрининг биринчи навбати, шунингдек, 22 мактаб ва 16 болалар боғчаси қурилган.
Аҳал вилоятидаги Оқ Буғдай мамлакатнинг энг яхши этрапи (туман) деб топилди, бу аҳоли пункти 1 миллион доллар олган бўлса, 2022 йил охирида Болқон вилоятининг Махтумқули этрапи ҳам худди шундай маблағ олган.
Сердар Бердимуҳамедов жорий йилги режаларини ҳам айтиб ўтди:
✅ ЯИМ ўсишини 6,3% даражасида сақлаб қолиш;
✅ ташқи савдо айланмаси ҳажмини 20,7 миллиард долларга етказиш;
✅ 3000 га яқин янги иш ўринлари яратиш;
✅ мамлакат иқтисодиётига 38,5 млрд манат йўналтириш.
✅ уй-жойлар, мактаблар ва болалар боғчалари қурилишини кенг кўламда давом эттириш.