ХМТ комиссияси Туркманистонда мажбурий пахта терими аломатларини аниқлаган

Пахта терими. zolord.ru сайти фотосурати

2023 йили Туркманистонга ташриф буюрган Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) миссияси мамлакат пахта далаларида мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани аломатларини аниқлаган. Бу ҳақда ХМТ стандартларини қўллаш бўйича қўмитасининг дунё бўйлаб қўлланилаётган мажбурий меҳнатга доир ҳисоботига таяниб Turkmen.news хабар берди.

Ҳисобот муаллифлари ўз доклатида ХМТнинг Туркманистондаги миссиясини ҳали эълон қилинмаган ва жамоатчиликка тақдим этилмаган натижаларига ишора қилишади.

«Мазкур кузатув миссиясининг дастлабки натижалари Ашхобод шаҳридан ташқари ташриф буюрилган барча ҳудудларда (Ахал, Лебап, Дашогуз ва Марям вилоятларида) давлат хизматчиларининг тўғридан-тўғри ёки билвосита пахта теримига сафарбар қилинганини кўрсатади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, тадқиқотда «15 ёшгача бўлган болалар»нинг «мамлакатдаги кўплаб пахта далаларида ишлаётгани» кузатилгани қайд этилган.

Ҳисоботда 2022 йили оғир кечган пахта терими мавсуми алоҳида қайд этилган. Етарли миқдорда теримчиларни жалб этиш учун давлат корхоналари раҳбарлари босим остида қолган. Ҳар қандай об-ҳавода ишлашга тўғри келган. Одамлар хавфли кимёвий моддалар билан дуч келиши мумкинлиги борасида огоҳлантирилмаган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилмаган. Шу билан бирга, теримчилар йўлкира, овқатланиш ва турар жой харажатларини ўз ҳисобидан тўлашган. Бироқ, Туркманистон Касаба уюшмалари миллий маркази доклад муаллифларига мажбурий меҳнат бўйича ҳеч қандай шикоят келиб тушмаганини расман маълум қилган.

Ҳисобот муаллифларининг эслатишича, ХМТ стандартларини қўллаш бўйича қўмита 2016 йилдан буён Туркманистон ҳукумати ушбу муаммони ҳал қила олмаётганини вақти-вақти билан муҳокама қилиб келган ва 2023 йили мажбурий меҳнат борасида ҳеч нарса ўзгармагани борасида яна бир бор афсус билдирган.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 20 февраль куни Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигида вазир ўринбосари Мяҳри Бяшимова ва ХМТ минтақавий директори Беата Андрес бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. ТДХ давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, мазкур учрашувда Андрес «туркман томонининг ХМТ доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларини тизимли равишда амалга ошираётганини олқишлаган», бироқ оммавий ахборот воситалари йиғилишда мажбурий меҳнат мавзуси кўтарилгани ҳақида хабар бермаган.

Turkmen.news таъкидлашича, 2023 йилда бир қатор тоифадаги бюджет ходимлари, жумладан, шифокорлар ва ўқитувчилар пахта теримига жалб этилмаган. Бу, эҳтимол, ХМТ делегациясининг ташрифи билан боғлиқ бўлиб, миссия мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш ва маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилишда ўзига хос мустақилликка эришган кўринади. Болалар меҳнатига келсак, Туркманистонда вояга етмаганлар Сапармурод Ниёзов давридагидек узоқ вақтдан бери уюштирилган ҳолда далага олиб чиқилмаяпти. Аммо ўсмирлар кўпинча ота-оналари, давлат сектори ходимлари ўрнига мустақил равишда теримга чиқишади. Баъзида улар ўз оилаларига моддий ёрдам бериш учун давлат ходимлари ўрнига пул эвазига пахтага чиқишади.

ℹ️ Туркманистонда ер давлатга тегишли, деҳқонлар эса ижарачи сифатида ишлайди. Шу билан бирга, «ижарага берувчи» ерга нима экиш кераклигини (одатда буғдой ёки пахта), қачон экиш ва йиғимни қачон бошлашни қатъий тартибга солади. Етиштирилган ҳосил белгиланган нархларда давлатга топширилади, ҳосилнинг бир қисмини яширишга уринишларга чек қўйилади. Давлат мунтазам равишда қишлоқ аҳолисига ёрдам бериш учун давлат хизматчиларини юборади, бу эса мажбурий меҳнатга қарши курашаётганларнинг танқидига сабаб бўлади. Қишлоқ хўжалиги ишларида қатнашишдан бош тортганлар ишдан бўшатилади. Туркманистонда ишсизлик даражаси юқори ва давлат асосий иш берувчи ҳисобланади, шунинг учун одатда ҳеч ким норозилик билдиришга журъат эта олмайди. Расмийлар давлат хизматчилари қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурланаётганини инкор этиб келишади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ