Қирғизистон Энергетика вазири ўринбосари электр таъминотида узилишлар бўлиши мумкинлигини таъкидлади

24.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Энергетика вазири ўринбосари Таалайбек Байгазиев электр энергиясини етказиб беришда узилишлар бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Бу ҳақда мулозим 4 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади 24.kg.

Байгазиевнинг сўзларига кўра, агар қувват етарли бўлмаса, ҳукумат «автоматлаштириш» созламаларини қайта кўриб чиқади, бунинг натижасида фуқароларга электр энергияси чекланган режимда берила бошлайди.

«Биз кимдадир ток ўчиб қолишини хоҳламаймиз. Ҳар бир хонадонда ёруғлик бўлсин, лекин чекловлар билан», — таъкидлади Энергетика вазирлиги вакили.

Давлат хизматчиси журналистларни вазирлик коллапс олдини олиш учун ҳамма нарсани қилишига ишонтирди. Мулозим таъкидлаганидек, қўшни давлатлар электр энергиясини етказиб бериш ва транзит қилишда муаммоларга учрамаса, электр токи узилишлари бўлмайди. Унинг фикрича, бу ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанатни сақлаш имконини беради.

Вазир ўринбосари қирғизистонликларнинг уй-жойларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга таъсир кўрсатувчи бошқа бир қатор омилларни ҳам айтиб ўтди. Жумладан, у йирик ГЭСни озиқлантирадиган Тўқтўғул сув омборида зарур сув ҳажмини таъминлайдиган об-ҳаво шароити ва ёғингарчиликни тилга олди.

ОАВ маълумотларига кўра, ҳозирда Тўқтўғулдаги сув ҳажми 7,7 миллиард куб метрни ташкил этган, ўтган йили шу даврида кўрсатгич 8 миллиард кубни ташкил этган. Шу билан бирга ГЭС фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкин булган миқдор 6,5 миллиард куб метрни ташкил қилади.

Байғозиевнинг қўшимча қилишича, Тўқтўғул ва Уч-Қўрғон ГЭСларидаги иккита гидроагрегатнинг таъмирланиши 290 мегаватт атрофида энергия тақчиллигини келтириб чиқаради.

Шунга қарамай, жорий йили ҳар иккала объектни реконструкция қилиш режалаштирилган. «Тўқтўғул» лойиҳаси 57,6 миллион долларга баҳоланган бўлиб, ишларни декабрь ойида якунлаш режалаштирилган. Ускуналарни модернизация қилиш қувватни 60 МВтга оширади. Шундай қилиб, станция йилига 1380 МВт ток ишлаб чиқаради.

Учқўрғон ГЭСида 2024 йил ноябрь ойи ўрталарида ҳукумат тўртинчи энергоблокни «янгиламоқчи» ва объектнинг умумий қувватини 180 МВтга етказмоқчи. Бунда йилига 820 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Таъмирлаш харажатлари 100 миллион долларни ташкил этади.Мулозимнинг сўзларига кўра, иккала лойиҳа ҳам Осиё тараққиёт банки грантлари ва кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Байгазиев алоҳида эътиборни республика пойтахтини иссиқлик билан таъминлаш мавзусига қаратди. Унинг сўзларига кўра, ускуналар кенг кўламли таъмирлашни талаб қилади, шу сабабли ИЭС ва «Бишкектеплосеть»ни тўлиқ тўхтатиш режалаштирилган. Шу муносабат билан, шаҳарда иссиқ сувни ўчириш муддати ўзгариши ва профилактика ишлари 30-40 кунгача узайтирилиши мумкин. Мулозимнинг қўшимча қилишича, ўтган қишда содир бўлган аварияларнинг олдини олиш мақсадида кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш учун маҳаллий қозонхоналар қуриш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Иссиқ суви таъминотини чеклаш муддатини 40 кунгача ошириш ҳақида аввалроқ эълон қилинганди. Шу билан бирга, энергетиклар 20 апрель атрофида ўчиришлар бошланиши мумкинлигини таъкидладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ