Ашхободдаги бизнес-форумда афғон ва туркман тадбиркор аёлларининг учрашуви бўлиб ўтди

Туркман ва афғон тадбиркор аёллари. orient.tm сайти фотосурати

3-5 март кунлари Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Туркманистон-Афғонистон бизнес-форуми доирасида икки давлат тадбиркор аёлларининг учрашуви бўлиб ўтди. Хорижий делегация таркибига 15 нафар ишбилармон аёллар кирди, деб ёзади Orient.tm.

Афғонистондан Туркманистонга озиқ-овқат саноати, гиламчилик, чарм-атторлик, заргарлик буюмлари ва ҳунармандчилик соҳаларидаги компаниялар раҳбарлари ва топ-менежерлари ташриф буюрган. Ишбилармон аёллар гуруҳига Фериба Насери бошчилик қилди.

Мезбон томондан тадбирда Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқидаги аёллар, шунингдек, постсовет республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирок этган. Туркманистонлик хотин-қизлар бадиий гиламдўзлик, мода ва услуб, гулчилик, заргарлик, IТ соҳаси каби соҳаларда лойиҳаларини тақдим этишган.

Бизнес-форум иштирокчилари ўзаро мулоқотда долзарб масалаларни муҳокама қилганлар. Учрашув якунлари бўйича Туркманистон саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи ва Афғонистон аёллар савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Қайд этилишича, шу кунлари Туркманистон пойтахтида Афғонистон маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтган, унда Афғонистон вакилларига 15 та стенд ажратилган. Кўргазмага ташриф буюрувчилар қўшни давлат бизнесининг ютуқлари – мева-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, гиламлар, заргарлик буюмлари, қурилиш материаллари, кимё маҳсулотлари ва бошқалар билан танишиш имконияга эга бўлган.

Тадбирнинг очилишида Афғонистон Саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуруддин Азизий ўз мамлакати келажакда саноат ишлаб чиқаришига йўналтирилган давлатга айланиши мумкинлигини айтиб, қўшни давлатлар билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган.

Ўз навбатида Туркманистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Мерген Гурдов қўшнилар билан ҳамкорлик ривожини кўрсатувчи статистик маълумотларни келтирган.

Шундай қилиб, 2023 йили Афғонистон билан товар айирбошлаш ҳажми 457 миллион долларга етган.

Жорий йил январь ойида битимлар ҳажми 46 миллион доллардан ошган. Ашхобод Кобулга нефть, газ ва тўқимачилик маҳсулотларини фаол экспорт қилмоқда, дея қўшимча қилди мулозим. Туркман давлат матбуоти кўргазмага Республика парламенти раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ташриф буюрганини, сўнгра ишбилармон доиралар билан учрашувда иштирок этганини таъкидлади.

Икки мамлакат ҳукумат делегациялари йирик қўшма лойиҳалар – ТАПҲ газ қувури, ТАПҲ электр тармоғи, темир йўлларни қуриш бўйича ҳам музокаралар олиб борган. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун транспорт инфратузилмасига эътибор қаратиш, Афғонистонни халқаро логистика йўлаклари ва хабларига улаш зарур деган хулосага келган.

Бундан ташқари, чегара ҳудудида 100 минг тонна ғалла Афғонистон вилоятларига жўнатилишигача сақланадиган элеватор қуриш масаласи кўриб чиқилган.

Таъкидлаш жоиз, бизнес-форум ва кўргазма арафасида, февраль ойи охирида Афғонистон Ташқи ишлар вазири Мавлавий Амирхон Муттақий Ашхободга ташриф буюрганди. Толиблар* вакили Туркманистон расмийлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди ва Гурбангули Бердимуҳамедов билан суҳбатлашди. Ташқи ишлар вазири Афғонистон билан ҳамкорлик ва яхши муносабатлар учун парламент спикерига миннатдорлик билдириб, ҳар икки давлат кўплаб соҳаларда сезиларли ютуқларга эришганига ишонч билдирди. Муттақий, шунингдек, Кобул қўшни давлатдан газ ва электр таъминотига алоҳида эътибор қаратаётганини маълум қилди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ