Қирғизистонда электр энергияси таъминотидаги чекловлар мамлакатдаги йирик гидроэлектр станцияларида таъмирлаш ишларини олиб бориш зарурати билан боғлиқ. Бу ҳақда республика президенти Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Давлат раҳбари совет даврида қурилган Тўқтўғул (1975) ва Учқўрғон (1962) ГЭСларини тилга олди, унинг сўзларига кўра, улар ҳеч қачон капитал таъмирланмаган. Уларнинг ишлаши учун кафолат муддати — 30 йил ва у бир неча ўн йиллар олдин тугаган, ГЭСнинг ускуналари ва гидротехник иншоотлари эскирган ва фойдаланиш учун деярли яроқсиз.
«5 мартдан бошлаб Тўқтўғул ГЭСининг биринчи гидроагрегатини реконструкция қилиш ишларини бошладик. Қишгача таъмирлаш ишларини якунласак, қўшимча 60 МВт қувват оламиз. 2022-2023 йиллари эса иккинчи ва тўртинчи гидроагрегатларни капитал таъмирлашни амалга оширдик. Учинчи блок келаси йили таъмирланади. Шундай қилиб, Тўқтўғул ГЭСи Қирғизистон халқига яна 40-50 йил хизмат қилади. Капитал такомиллаштириш натижасида 240 МВт қўшимча қувват қўшилади», — деди Жапаров.
5 мартдан Уч-Қўрғон ГЭСининг тўртинчи гидроагрегати ҳам реконструкция қилиш учун тўхтатилган.
«Бу ишлар муносабати билан электр станцияларининг жорий қуввати 290 МВт/соатга камаяди. Бундай вазиятда энергетика тизимида 290 МВт/соат электр энергияси танқислиги юзага келади ва мамлакат истеъмолчилари учун электр энергиясидан фойдаланишга ушбу вақтинчалик чекловларни жорий этиш зарур», — деди президент.
Унинг қўшимча қилишича,
электр энергияси истеъмолига чекловлар эрталаб ва кечқурунги тиғиз соатларда киритилади. Энергетиклар электр узилишига боғлиқ ишларни амалга оширишса, бу ҳақда ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали аҳолига олдиндан хабар берилади.
Жапаров Қирғизистон мустақиллигининг 30 йили давомида мамлакатда бирорта ҳам янги ГЭС қурилмаганини эслатди. Шу билан бирга, аҳоли сони қарийб икки баравар кўпайган, уй-жойлар, мактаблар, болалар боғчалари ва бошқа ижтимоий инфратузилма объектлари қурилмоқда — буларнинг барчаси турли даражада қўшимча энергия қувватларини талаб қилади. Президент улкан сув захираларига эга Қирғизистон қишда йилига 3 миллиард кВт/соат электр энергиясини импорт қилишга мажбур бўлаётганидан афсусда эканини билдирди.
«Мен одамларнинг кўзига ёмон кўринишга тайёрман, лекин мен ҳамма нарсани тартибга солишга қатъий қарор қилдим. Икки йилдан буён биз 50 дан ортиқ ўрта ва кичик гидроэлектр станцияларни қуряпмиз. Ўнга яқинини ишга туширдик. Қолганлари 2025-2026 йиллари фойдаланишга топширилади», — деб ваъда берди Жапаров.
ℹ️ Аввалроқ Қирғизистон аҳолиси ҳар куни электр таъминотидаги узилишлар ҳақида бир неча бор шикоят қилган. «Қирғизистон Миллий электр тармоғи» компаниясининг тушунтиришича, совуқ ҳаво туфайли электр энергияси истеъмоли ортиб бормоқда, натижада электр тармоғига катта юклама тушиши оқибатида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун авариявий реле ҳимояси ва автоматлаштириш мосламалари ишга тушяпти ва абонентларга электр энергияси етказиб бериш тўхтатилмоқда.
Парламентнинг 6 мартдаги йиғилишида Энергетика вазири Таалайбек Ибраев Қирғизистонда электр энергиясидаги узилишлар 10 мартдан тўхташига умид билдирди.
«8 мартдан бошлаб улар ҳаво 15-16 даража исишини ваъда қилишмоқда. Бу вақт ичида электр энергияси истеъмоли камаяди. Ўйлаймизки, 10 мартдан бошлаб чекловлар бўлмайди», — дея вазир сўзларидан иқтибос келтиради 24.kg.