Тожикистон муфтийси Рамазон ойида озиқ-овқат нархини оширишни катта гуноҳ деб атади

Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулкодирзода. sputnik.tj сайти фотосурати

Муборак Рамазон ойида озиқ-овқат нархини ошириш катта гуноҳдир. Бу ҳақда Тожикистон Уламолар кенгаши раҳбари (муфтий) Саидмукаррам Абдулқодирзода маълум қилди, дея хабар беради «Азия-плюс».

Муфтий Рамазон ойи нафақат рўза тутиш ойи, балки инсоннинг руҳий ҳолатини, ният ва амаллар поклигини синаш вақти эканини таъкидлади.

«Бу ойда кўпроқ фойда олиш мақсадида нархларни сунъий равишда ошириш исломда қораланган энг ёмон амаллардан биридир», — дейилади Дин ишлари бўйича қўмитанинг «Дин ва жамият» расмий нашрида эълон қилинган муфтий баёнотида.

Абдулқодирзоданинг таъкидлашича, мусулмонларнинг муқаддас ойи ва диний байрамларида нархларнинг ошиши натижасида олинган даромад савдогарларга «ташвиш, муваффақиятсизлик ва хавотирдан бошқа нарса келтирмайди».

«Шунинг учун барча савдогарлардан муборак Рамазон ойининг ҳар куни хайрия ишлари билан банд бўлишларини, нархларни кўтариш эмас, балки маълум даражада пасайтиришларини сўрайман. Чунки ҳеч бир иш савобсиз қолмайди, агар у яхши ният билан қилинса, савоб ҳам шунга яраша бўлади», — деб тушунтирди Тожикистон муфтийси.

ℹ️ Рамазон – Ислом қамарий тақвимининг тўққизинчи ойидир. Айнан шу ойда Аллоҳ Қуръоннинг биринчи сураларини нозил қилган, дейилади. Бу йил Рамазон 11 мартда бошланди ва 9 апрелда тугайди. Рўзадорларга қалбни поклаш, ёмон ўй-фикр ва амаллардан халос бўлиш буюрилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ