«Гулшан» ансамблининг собиқ солисти ва директори Умар Зиёев Душанбеда вафот этди

Умар Зиёев. i.ytimg.com сайти фотосурати

Тожикистон халқ артисти, «Гулшан» ансамблининг собиқ солисти ва раҳбари Умар Зиёев (Зияев) 17 март куни Душанбеда вафот этди. Унинг ўлими ҳақида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди (қўшиқчи истеъфодаги полиция полковниги бўлган).

«ИИВ раҳбарияти, Фахрийлар ташкилоти ва ички ишлар органлари шахсий таркиби «Сипар» вокал-чолғу ансамбли раҳбари, Тожикистонда хизмат кўрсатган ва халқ артисти, истеъфодаги милиция полковниги Умар Зиёевнингнинг тўсатдан вафот этганлигидан чуқур қайғуга тушди ва марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради», — дейилади хабарда.

Артистнинг ўлими сабабига доир маълумот берилмаган. «Азии-плюс» хабарига кўра, дафн маросими 18 март куни бўлиб ўтади.

«Бомдод» нашри таъкидлаганидек, Умар Зиёев Тожикистон Давлат телерадиокомпаниясининг афсонавий «Гулшан» эстрада ансамблининг олтин жамоаси аъзоларидан бири бўлган ва мазкур гуруҳ 1980 йиллари шуҳрат чўққисини эгаллаган.

ℹ️ Умар Зиёев 1951 йил 28 февралда Вахдат шаҳрида туғилган. Тожикистон Политехника институтини (ҳозирги университет) тамомлаган, у ерда талабалар ансамблида солист бўлган. Ўшанда у «Гулшан» бадиий раҳбари Орифшо Орифов назарига тушади. Аммо Зиёев ўз шаҳрига қайтиб, у ерда муҳандислик фаолиятини бошлайди, бироқ қўшиқчиликни тўхтатмайди.

1973 йили маҳаллий ансамбл таркибида «Қуёш торлари» эстрада гуруҳлари танловида муваффақиятли иштирок этади, шундан сўнг уни яна «Гулшан»га таклиф қилишади. Умар Зиёев 1979 йили Тошкентда ўтказилган «С песней по жизни» («Қўшиқ билан ҳаётда ҳамоханг») Бутуниттифоқ ёш ижрочилар танловида иштирок этиб, «Йил қўшиғи» лауреати бўлган.

««Песни-79» дан кейин мутасаддиларимиз мени нега тожик тилида қўшиқ айтмаяпсан, маданиятимни тарғиб қилмаяпсан, деб танқид қилишганди. Тошкентда «ўз тилимда» қўшиқ куйлаганимдан сўнг, Москвада рус тилида қўшиқ танламаганим учун менга танбеҳ беришди, чунки Иттифоқда 280 миллион одам бор, уларнинг атиги 5 миллиони тожикчани билади. Икки ўт орасида қолгандим», — дея эслайди артист «Азии-плюс»га берган интервьюсида.

1993-2000 йиллари Зиёев «Гулшан» ансамблининг бадиий раҳбари бўлиб ишлаган. Кейин Тожикистон Ички ишлар вазирлиги қошида «Сипар» ансамблини ташкил этиб, 2013 йилда нафақага чиққунга қадар унга раҳбарлик қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ