Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилган ва унда «Крокус Сити Холл» мажмуасида содир этилган шафқатсиз ва қонли терактни кескин қоралаган, дея хабар беради Тожикистон раҳбари матбуот хизмати.
Раҳмон «террорчиларнинг миллати, ватани ва дини бўлмайди», деб таъкидлаган. У мудҳиш фожиада ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган, шунингдек, жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилаган.
«Россия Федерациясидаги умуммиллий мотам чоғида давлатимиз раҳбари барча Тожикистон фуқароларининг қардош рус халқи билан бирдамлигини алоҳида таъкидлади», — дейилади хабарда.
Матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган терроризм, экстремизм ва диний радикализмга қарши курашишда яқин ҳамкорликни давом эттириш ниятларини тасдиқлаганлар.
«Мазкур таҳдидларга самарали жавоб бериш ва уларга қарши биргаликда курашиш мақсадида тегишли идора ва хизматлар ўртасида алоқа ва мувофиқликни сақлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янада ошириш муҳимлиги қайд этилди», — дейилади хабарда.
22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида «Пикник» рок гуруҳи концерти арафасида теракт содир бўлди. Камуфляж кийган ва қуролланган бир неча киши мажмуага кириб, одамларни ўққа тута бошлаган. Улар концерт залига кириб, у ерда ўт қўйишган, ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган. Натижада, сўнгги маълумотларга кўра, 133 киши ҳалок бўлган, яна 150 дан ортиқ киши жароҳатланган.
23 март, шанба куни содир этилган терактга алоқадорликда гумон қилинган тўрт нафар шахс қўлга олинган. Улар ҳаракатланаётган автомобиль салонида Тожикистон фуқаролари паспортлари топилган, дея хабар берди Давлат думаси депутати Александр Хинштейн. Ишда жами 11 киши ҳибсга олинган, қолган етти нафарининг фуқаролиги ва ҳужумдаги роли ҳақида хабар берилмаган.