Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Қадр кечаси (Гадыр гиджеси) муносабати билан 356 нафар маҳбусни афв этди. «Туркменистан сегодня» ахборот агентлигининг хабар беришича, давлат раҳбари тегишли қарорни имзолаган.
Қайд этилишича, афв этиш масаласи республика ҳукуматининг кичик Бердимуҳамедов раислигидаги йиғилишида муҳокама қилинган. Жумладан, Президент фармонида жиноят содир этганлиги учун судланган, бироқ қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган фуқаролар ҳам борлиги айтилади.
Давлат хавфсизлик кенгаши котиби, Республика Президенти ҳузуридаги Фуқаролик ва афв этиш масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш комиссияси раҳбари Бегенч Гундоғдиевга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда мазкур маҳбусларни озод этиш ва уларни ўз оилаларига қайтариш вазифаси топширилди.
Шаҳар ва туман ҳокимликлари раҳбарларига афв этилган Туркманистон фуқароларини ишга жойлаштириш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди.
Мазкур мавзу муҳокамасини сарҳисоб қилар экан, Сердар Бердимуҳамедов қамоқхоналарни тарк этаётган фуқароларга «виждонан ва илҳом билан меҳнат қилиб, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларда қатнашиш, Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш, ўз меҳнати самарасидан баҳраманд бўлиб яшаш»ни тилади.
ℹ️ Туркманистонда маҳкумларни афв этиш акциялари мунтазам равишда ўтказиб келинади. Президент Қадр кечаси, Бетарафлик ва Мустақиллик кунларини нишонлаш арафасида тегишли фармонларни имзолайди. Шу тариқа, сўнгги бир неча йил ичида республиканинг 20 мингдан ортиқ муқаддам судланган фуқаролари озод этилди.