Туркманистонда Россияга ишлагани бормоқчи бўлган одамларга авиачипталар сотиш тўхтатилди

"Хроника Туркменистана" сайти фотосурати

Россияда ишлаш учун таклиф олган Туркманистон фуқароларига ушбу мамлакатга парвозлар учун чипталар сотиш тўхтатилди, деб ёзади Turkmen.news республика вилоятларидаги манбаларига таяниб.

«22 март куни [Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл»да] рўй берган терактдан сўнг Туркманистондан меҳнат муҳожирларининг Россияга учиши бирдан тўхтаб қолди. Ишга таклифнома олган ва виза учун ариза топширганлар ҳозирча чипта харид қила олмаслигини билишди. Уларнинг тўсқинликсиз жўнаб кетишлари учун аввали тўлаган поралари иш бермади», — деб ёзади нашр.

Москва вилоятида терактдан сўнг полиция томонидан меҳнат мигрантлари ишлайдиган жойларга уюштирилган оммавий рейдлар чоғида 12 нафар Туркманистон фуқароси қўлга олингани аввали хабар қилинган эди. Улар бозорлардан бирининг омборида ишлаган ва полиция рейдига учраган ётоқхонада яшашган. Маълум бўлишича, уларнинг барчаси Россияда ноқонуний яшаб, ишлашган — визалари муддати аллақачон тугаган бўлган.

«Хроники Туркменистана» нашри маълумотларига кўра, Туркманистон ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари Туркманистон фуқароларига Россия визаларини беришда вақтинчалик – бир ярим йил муддатга – чекловлар жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда. Чекловлар дипломатлар ва йирик бизнес вакилларига таъсир қилмайди.

Turkmen.news манбаларидан бири визани тўхтатиш бўйича музокаралар, агар улар ҳақиқатан ҳам давом этаётган бўлса, Туркманистон ҳукумати ташаббуси билан бошланганини айтади. «Теракт меҳнат муҳожирларининг оммавий чиқиб кетишини чеклаш учун қулай баҳона бўлди. Илгари Туркия билан ҳам ҳудди шундай йўл тутилган», — деб тушунтиради манба.

ℹ️ COVID-19 пандемиясига қадар Туркия Туркманистон билан ҳам визасиз, ҳам тўғридан-тўғри рейслар амалга оширилаётган ягона давлат бўлган. Шу сабабдан туркманистонлик меҳнат мигрантлари учун ушбу мамлакат энг маъқул йўналиш бўлиб келган. Аммо 2022 йил кузида Ашхобод илтимосига кўра Анқара Туркманистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ