Рим полицияси террорчиликда гумон қилинаётган Тожикистон фуқаросини қўлга олди

cedscdn.it сайти фотосурати

8 апрель куни Римнинг Фьюмиcино аэропортида полиция терроризмда гумон қилинаётган 32 ёшли Тожикистон фуқароси Илҳом Сайраҳмонзодани қўлга олди.

Breaking Latest News нашрининг хабар беришича, DIGOS (Италия полициясининг умумий тергов ва махсус операциялар департаменти) ходимлари Сайраҳмонзоданинг Нидерландиянинг Эйндховен шаҳридан келишини, у билан бирга сохта ҳужжатлар бўлиши мумкинлигини билишган. Бироқ, гумонланувчини зудлик билан ҳибсга олишмаган: полиция ходимлари Сайраҳмонзода ўрнига кимдир келган-келмаганини кузатишган. Сайраҳмонзоданинг поездга чиқмоқчи бўлганини кўриб, туни ўхтатишга қарор қилишган. Улар уни Украина фуқароси Тимур Саттаров номига берилган йўл ҳужжатида кўрсатилган исм билан чақиришган. У орқасига ўгирилган, шундан сўнг уни полиция бўлимига олиб боришади, у ерда бармоқ излари ёрдамида унинг ҳақиқий шахсини аниқлашади.

Сайраҳмонзода Тожикистон ҳукумати ташаббуси билан Интерпол томонидан қидирувга берилган. Уларнинг маълумотларига кўра, қўлга олинган шахс Тожикистон, Россия ва бошқа кўплаб мамлакатларда тақиқланган «Исломий давлат» (ИШИД, ИД) террорчилик ташкилоти жангариси бўлган. 2014 йили у Сурияга бориб, ИШИД сафида ҳукумат кучларига қарши жанг қилган. 2023 йили Белгияда ҳибсга олинган, аммо кейин қўйиб юборилган.

Сайраҳмонзода Қирғизистон, Ўзбекистон ва Украина фуқаролари номига берилган сохта ҳужжатлар ёрдамида бир қанча давлатларга борган. Римда уни ҳибсга олган полиция тожикистонлик йигитнинг нафақат она тилини, балки рус ва турк тилларини ҳам яхши билишини аниқлашган. Тинтув чоғида ундан икки минг евро нақд пул топилган.

Рим Сайраҳмонзода учун транзит пункти бўлганини кўрсатадиган ҳеч нарса бўлмаган, ҳозирда Италия пойтахти ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг келиш мақсадини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда. Улар тожикистонликнинг уяли телефонини тортиб олишган, у ёрдамида Италияга келишига ким ёрдам бергани, шунингдек, унинг алоқалари ва борадиган манзилини аниқлашга умид қилишмоқда. Бундан ташқари, полиция Сайраҳмонзоданинг 22 март куни Москва яқинидаги «Крокус Сити холл» концерт залига ҳужум қилган террорчилар билан алоқаси бор-йўқлигини текширишмоқда.

«Абадий шаҳар халқаро терроризм тарафдорлари учун марказ бўлиши ёки логистика базаси бўлиши мумкинлиги гумон қилинмоқда», — дейилади Breaking Latest News материалида.

Италия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Маттео Пянтедози Рим полициясининг Сайраҳмонзодани ҳибсга олишдаги фаолиятини юқори баҳолади.

«Римда давлат полицияси томонидан Тожикистон фуқаросининг ҳибсга олиниши жуда муҳим натижа, мамлакатимизда террорчилик таҳдидига қарши курашиш бўйича аппаратимиз томонидан олиб борилаётган самарали профилактик тадбирлар самарасидир. Бу бошқа давлатлар полиция кучлари билан ҳамкорлик қилишнинг афзалликлари тасдиғидир. Ҳақиқатан ҳам, хатарларни самарали бошқариш учун халқаро ҳамкорларимиз билан ҳам ахборот ресурслари, ҳам операцион стратегиялар билан мунтазам алмашиб турилади», — деди Пиантедози.

ℹ️ Шу йил март ойи бошида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон унинг 24 нафар ватандоши сўнгги уч йил ичида дунёнинг ўнта давлатида терактлар содир этганини айтиб ўтганди. Мамлакатнинг ўзида, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 10 йил давомида 86 та теракт ва суиқасд содир этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ