Таниқли туркман сиёсий маҳбуси Гулгелди Аннаниёзов 12 март куни охирги беш йил давомида Болқон вилоятининг Гарабўғоз (собиқ Бекдош) қишлоғидаги колонияда ўтаган жазо муддати тугагандан сўнг Ашхободга қайтди. Бу ҳақда Туркман Хельсинки инсон ҳуқуқлари жамғармаси хабар берди.
Аннаниёзов 1995 йил 12 июлда Туркманистонда кенг демократик ислоҳотлар шиори остида ўтказилган тинч намойишлар туфайли ҳибсга олинган «Ашхобод саккизлиги»га тегишли бўлган. Митинг полиция томонидан куч билан бостирилган, Аннаниёзов ва бошқа иштирокчилар 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 1999 йили халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари босими остида Аннаниёзов амнистияга чиқарилган.
2002 йил август ойи охирида диссидент Қозоғистонга қочиб ўтади ва 1 сентябрда Россияга кўчиб ўтади ва у ерда сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилади. Эртаси куни Россия ҳукумати уни сохта паспорт билан келгани учун ариза беришига имкон бермай, Қозоғистонга қайтариб юборади. Туркманистоннинг ўша пайтдаги президенти Сапармурод Ниёзов диссидентни экстрадиция қилишни талаб қилади, бироқ Қозоғистон расмийлари уни Ғарбга кетишига имкон беради ва Аннаниязов Норвегиядан сиёсий бошпана олади. Кейинчалик қариндошлари уни кўргани ўша ерга боришади.
2008 йили Аннаниёзов мамлакат янги президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг либерал ислоҳотларига ишонади ва қайтишга қарор қилади.
«Мен Норвегияда беш ярим йил яшадим. Янги президентимизга, унинг сиёсатига ва халқимга ёрдам бериш учун қайтиб келмоқчиман. Мен Норвегия ҳукумати билан узоқ вақт суҳбатлашдим, улар ёшларимизни ўқитишга, туризм, сил касаллигини даволаш бўйича улар билан боғланишга ваъда беришди. Норвегияда сил билан касалланганларнинг бир фоизи ҳам йўқлигини ҳамма билади. Шундай ғоялар билан мен мамлакатга қайтиб, қандайдир тарзда ниятларимни президентга етказмоқчи бўлдим», — дейди Аннаниёзов.
Бироқ, у қайтишга Туркманистон расмийларидан рухсат кутмай, ватанига ноқонуний йўл билан кириб келган ва махсус хизматлар томонидан дарҳол ҳибсга олинган. У 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Аннаниёзов муддатидан олдин озод этилиши тахмин қилинган эди. У 2002 йили укалари билан бир хил модда билан судланган. Уларнинг ҳар бири ўн бир йил олган, аммо ўн бир ойдан сўнг амнистия қилинган. Бироқ, бу чора диссидентни четлаб ўтган.
У деярли бутун жазо муддатини инкоммуникадо — яъни ташқи дунё билан ҳеч қандай алоқасисиз ўтаган. 2009 йилдан 2015 йилгача у дунёдаги энг даҳшатли қамоқхоналардан бири — Овадан Депеда бўлган, кейин тўрт йилни Тежен қамоқхонасидаги ёлғиз камерада ўтказган. Аннаниёзовнинг тақдирига оид саволлар турли халқаро платформаларда бир неча бор кўтарилган. «Уларни тирик ҳолда кўрсатинг» кампанияси уни Туркманистондаги зўрлик билан йўқолганлар рўйхатига киритган. Аннаниёзов ҳибсда бўлганида, қонун ўзгаради, у бир неча йил олдин озод қилиниши керак бўлган, аммо Туркманистон расмийлари унинг ишини қайта кўриб чиқишдан бош тортади.
2019 йил март ойида Аннаниёзовнинг қамоқ муддати тугайди, бироқ суд фаолни беш йилга Гарабўғоздаги тартибли колонияга ҳукм қилади. Бироқ, иш тафсилотлари номаълумлигича қолиб кетади. Маҳбус 11 йил ичида биринчи марта ўз яқинларини кўришга муваффақ бўлади, улар унга озиқ-овқат ва кийим-кечак келтиришади. Ўшанда Аннаниёзов қариндошлари маҳбуснинг ҳеч қачон суд ҳукмларини ўз кўзи билан кўрмаганини ва адвокат билан гаплашмаганини билишади.