Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида хоккей бўйича 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Осиё ва Океания кубоги бошланди. Ўзбекистон муз ареналарида тўртта учрашув бўлиб ўтди, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўтказган учрашув шулар жумласидан.
Пойтахтдаги «Ҳумо Арена» муз саройида Осиё ва Океания кубогининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Спорт вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов, Республика Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов ва Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) вице-президенти Айваз Оморкановлар табрик сўзлари билан қатнашдилар. Томошабинларга ранг-баранг муз устида шоу тақдим этилди.
Расман турнирнинг илк учрашуви Таиланд ва Қувайт терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб, 58:0 ҳисобида таиландликлар фойдасига ҳал бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси Эронни мағлуб этди, аммо бироз камтарроқ – 19:0 ҳисобида. Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиси Жасурбек Рустамхонов 10 (3+7) очко жамғарган бўлса-да, ўйин тугамасдан четлатилди ва навбатдаги ўйинни ўтказиб юбориши хавфи бор.
Ўтган йили ўзбекистонликлар Эронни 14:1 ҳисобида мағлуб этганди.
Шу билан бирга Самарқандда Мўғулистон Ҳиндистон дарвозасига жавобсиз 32 та гол йўллади. Ягона чинакам қизиқарли ўйин Индонезия ва БАА ўртасидаги учрашув бўлиб, қўшимча вақтда индонезияликларнинг 5:4 ҳисобида ғалаба қозониши билан якунланди.
U-18 Осиё-Океания кубоги 1984 йилдан 2002 йилгача мунтазам равишда ўтказиб келинди. У 2023 йили қайта тикланди, Мўғулистонда ўтказилди ва унда олтита жамоа иштирок этди: Эрон, Мўғулистон, БАА, Таиланд, Туркманистон ва Ўзбекистон. Ўшанда барча учрашувларда ғалаба қозонган Ўзбекистон терма жамоаси ғолиб бўлганди. Ўзбекистонлик Жасурбек Рустамхонов турнирнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Туркманистон терма жамоаси кумуш медални қўлга киритганди.
Бу йил Ўзбекистон ғолиб сифатида мусобақага мезбонлик қилади. Бу республикада ўтказилаётган IIHF шафелигидаги биринчи расмий мусобақадир. Мусобақада 10 та жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Пойтахтдаги «Ҳумо Арена»да бўлиб ўтадиган А гуруҳида Ўзбекистон, Таиланд, Эрон, Малайзия ва Қувайт ўсмирлар терма жамоалари куч синашади. Учрашувлари Самарқанддаги муз аренасида бўлиб ўтадиган В гуруҳида Мўғулистон, БАА, Ҳиндистон, Макао ва Индонезия терма жамоалари ўз учрашувларини ўтказишади. Гуруҳ ғолиблари финалда ўзаро баҳслашади, иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар эса бронза учун кураш олиб боради.
Мусобақалар 28 апрелга қадар давом этади.