Қўшма Штатлар ҳозирча «Толибон»* ҳаракатини Афғонистон ҳукумати сифатида тан олиш тўғрисида қарор қабул қилгани йўқ, чунки бу мамлакатда ҳокимият тепасига келган радикаллар инсон ҳуқуқларини поймол қилишда ва халқаро конвенцияларга зид бўлган ички қонунлар чиқаришда давом этмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг 2023 йили дунёнинг турли мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари аҳволига доир ҳисоботида сўз юритилади.
Давлат департаменти таҳлилчиларининг қайд этишича, ҳисобот даврида Афғонистонда таълим ва иш билан таъминланиш имконияти чекланган аёллар ҳуқуқлари сезиларли даражада ёмонлашган. Мутахассисларга кўра, толиблар афғон аёллари учун шарт-шароитларни енгиллаштириш ёки айрим тақиқларни бекор қилишни назарда тутувчи бирорта ҳам фармон қабул қилишмаган.
Америкалик сиёсатчиларни ўтган йили Афғонистонда расмийлар ёқтирмайдиган одамларнинг қийноқларга солиниши, ноқонуний ҳибсга олиниши ва ўғирлаб кетилаётганига доир олинган кўплаб хабарлар хавотирга солган. Толибларнинг қуролли можароларга болаларни жалб этаётгани фош этилган, бу эса инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ҳисобланади.
Бундан ташқари, мамлакатда сўз эркинлиги поймол этилмоқда, интернетга киришда чекловлар мавжуд, мустақил матбуот таъқиб қилинмоқда.
Таъкидланишича, толиблар этник ва диний озчиликни ташкил этувчи — ҳазоралар, сикхлар, салафийлар, ҳиндулар, насронийлар вакилларига ҳар томонлама зўравонлик ва тазйиқ ўтказишмоқда.
Ҳисоботнинг қисқача мазмунида Давлат департаменти яна бир фикрни такрорлайди:
«Толибон»га кўплаб урғу берилиши АҚШнинг мазкур радикал ҳаракатни Афғонистон ҳукумати сифатида тан олишини англатмайди.
TOLOnews хабарига кўра, Афғонистон Ислом Амирлиги матбуот котиби ўринбосари Ҳамдуллоҳ Фитрат Америка танқидига жавоб қайтарган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги ҳукмрон ҳукумат Ислом ва шариат тамойилларига содиқ, Ғарб эса унга, жумладан, инсон ҳуқуқлари борасида ўз қоидалари ва маданиятини тиркашни хоҳлайди.
Ҳисоботда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига бағишланган бўлимлар ҳам мавжуд. Шуниси эътиборга лойиқки, собиқ СССРнинг барча беш республикасига нисбатан америкалик сиёсатчиларнинг хулосаси бир хил: «Йил давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида сезиларли ўзгаришлар бўлмаган».
Таҳлилчилар минтақа давлатлари учун умумий бўлган муаммоларни, масалан, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўзбошимчаликлари, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чекланиши, коррупция, ҳукуматнинг нодавлат ташкилотлар фаолиятига аралашувига урғу беради.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга келсак, бу республикалар ҳукуматлари «инсон ҳуқуқларини бузганликда гумон қилинган айрим амалдорларни аниқлаш ва жазолаш бўйича ишончли чораларни кўрган». Бироқ, шунга ўхшаш фактлар давом этмоқда. АҚШ экспертлари Туркманистонни бундай ибора билан ҳатто сийлашмаган ҳам.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).