Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўз энергетика тизимларини бирлаштиришга келишиб олди

Меморандум имзоланиши. Микаил Жабборовнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан фотосурат

1 май куни Тошкентда Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон Иқтисодиёт ва Энергетика вазирлари уч мамлакат энергетика тизимларини бирлаштириш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзоладилар. Бу ҳақда Озарбайжон Иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.

Жабборовнинг сўзларига кўра, лойиҳанинг амалга оширилиши томонларга «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва уни Озарбайжон орқали Европага экспорт қилишни ташкил этиш, энергия тизимлари интеграцияси ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишни таъминлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш имконини беради.

Ўз навбатида, Қозоғистон Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев бундан олдин Каспий денгизи туби бўйлаб чуқур кабель ётқизиш бўйича техник шартлар лойиҳаси ишлаб чиқилганини таъкидлади.

«Техник топшириқлар доирасида халқаро трансмиссия йўлакларини ривожлантириш (молиялаштириш, даромадлар оқими ва мулкчилик) ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларига яшил энергияни сотиш бўйича бизнес модели ишлаб чиқилади», — деди Саткалиев.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг расмий сайтида қайд этилишича, «Яшил йўлак» энергия тизимларини ўзаро боғлаш лойиҳаси тақдимоти ва «яшил» энергияни Европага экспорт қилиш лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича техник топшириқларни тасдиқлашдан ташқари, учрашув чоғида техник ва иқтисодий шароитларни ўрганиш учун халқаро маслаҳатчиларни жалб қилиш масаласи кўриб чиқилган.

Ўтган йил ноябрь ойида уч мамлакат Европа давлатларига яшил энергия экспорт қилиш бўйича қўшма корхона яратишга келишиб олган эди. Қайта тикланадиган энергия манбаларига урғу берилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан расмийлар яшил водород ва аммиакни бошқа мамлакатларга етказиб бериш имконини берадиган инфратузилмани ривожлантиришни таклиф қилишди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон, шунингдек, Қирғизистон энергетика тизимлари Марказий Осиё ягона энергия тизими (МО ЯЭТ) доирасида параллел режимда ишламоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ