Татаристон Тожикистон фуқароларини йўловчиларни ташиш хизмати соҳасига жалб қилади

Автобус. fotobus.msk.ru сайти фотосурати

Тожикистон Транспорт вазири Азим Иброҳим ва Татаристон Транспорт ва йўл хўжалиги вазири Фарит Ҳанифов Россия Федерацияси субъектида йўловчиларни ташиш хизмати соҳасига Марказий Осиё республикасидан малакали ишчиларни жалб қилиш бўйича меморандумни имзолади. Бу ҳақда Тожикистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзаро англашув меморандуми «Россия – Ислом олами: KazanForum 2024» халқаро иқтисодий форуми доирасида имзоланди. Ҳужжат ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ҳамкорлик даражасини ошириш ва транспорт соҳасида корхоналар ташкил этиш учун малакали ишчиларни жалб этишга кўмаклашишга қаратилган.

Татаристон ҳукумати фуқаролар (ҳайдовчилар, муҳандислар, назоратчилар ва бошқа ишчилар) учун қулай меҳнат шароитлари ва ижтимоий кафолатларга эга бўлишини таъминлашни режалаштирмоқда. Бу Татаристоннинг жануби-шарқий шаҳарлари — Буғулма ва Лениногорск аҳолиси учун йўловчи ташиш хизматини йўлга қўйиш имконини беради.

Меморандум Россия Федерацияси ҳудудларида ЕОИИ давлатларидан ташқаридаги меҳнат мигрантларини фаолиятнинг турли соҳаларига, жумладан, йўловчиларни ташиш соҳасига жалб этиш бўйича кенг қамровли тақиқ фонида имзоланган.

Шундай қилиб, 17 май куни худди шундай тақиқ Ямало-Ненец автоном округи ҳукумати томонидан имзоланган. Тақиқ шунингдек, Калуга, Тула, Челябинск, Калининград, Курган, Тюмен, Магадан вилоятлари, Ханти-Мансийск автоном округи ва Краснодар ўлкасида ҳам амал қилади.

Январь ойи бошида Татаристонда мигрантлар ишлаши тақиқланадиган соҳалар масаласи ўрганилаётгани хабар қилинганди. Жумладан, Россия миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган чет эллик ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқаришига рухсат бермаслик масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилаётган эди. Бундан ташқари, у ерда мигрантларни назорат қилувчи орган яратиш кўзда тутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ