ВЭБ.РФ давлат корпорацияси Ўзбекистон билан 3,4 млрд долларлик қўшма лойиҳаларни амалга оширишини маълум қилди

RITMEURASIA.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

ВЭБ.РФ давлат корпорацияси Ўзбекистон билан умумий қиймати 300 миллиард рублдан (3,4 миллиард доллар) ортиқ бўлган қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Россия молия ташкилотига таяниб, ТАСС хабар беради.

ВЭБ.РФ вакиллари аниқ лойиҳалар ва уларнинг харажатларини кўрсатмаган. Уларнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё республикаси билан нефть-газ ва кимё саноати, тоғ-кон ва металлургия, электр энергетикаси ва газ транспорти тизимини модернизация қилиш лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.

Ҳамкорлик озиқ-овқат инфратузилмасини, жумладан, агрологистикани яхшилашда давом этади. ВЭБ.РФ ўтган йил декабрь ойида Жиззах вилоятида давлат корпорацияси иштирокида йилига 260 минг тоннагача қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга қодир агрологистика мажмуаси иш бошлаганини эслатиб ўтди.

Худди шундай янги лойиҳа Ўзбекистон товарларини Россияга етказиб бериш, озиқ-овқат юкларини ҳар икки йўналишда қайта ишлаш, шунингдек, Россия Федерациясидан қишлоқ хўжалиги техникасини Марказий Осиё республикаси бозорига олиб киришни назарда тутади.

Давлат корпорацияси матбуот хизматининг қўшимча қилишича, янги ҳисоб-китоб инфратузилмаси ишга тушган, бир нечта операциялар рублда молиялаштирилади. Бундан ташқари, ВЭБ.РФ Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Банклараро ассоциацияси орқали Ўзбекистон молия институтлари билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантирмоқда.

ℹ️ Ҳозирда ВЭБ.РФ Ўзбекистонда умумий қиймати 157,7 миллиард рубл (тахминан 1,8 миллиард доллар) бўлган 21 та экспорт лойиҳасини амалга оширмоқда. Жумладан, гап шаҳар транспорти, коммунал техника ва электротехника учун ускуналар етказиб бериш ҳақида бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ