Туркманистон ҳукумати ва ХМТ пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга барҳам беришга келишиб олди

Туркманистонда пахта терими. turkmenportal.com сайти фотосурати

Туркманистон ҳукумати ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорликка оид «йўл харитаси»ни тайёрлади ва қабул қилди, унда пахта йиғим-терими даврида мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш бўйича аниқ чоралар кўрсатилган, деб ёзади Turkmen.news.

Ҳужжатда пахта терими даврида катталар ва болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишнинг олдини олиш чора-тадбирлари батафсил баён этилган, ишчиларни ёллашга мажбурлаш ёки терим учун пул ундириш ҳолатлари бўйича шикоят қилиш механизмлари, қўлда териш зарурати туғилганда теримчиларга энг кам ойлик иш ҳақи миқдори тўлаш мажбурияти кўрсатилган.

«Агар йўл харитасининг барча бандлари амалга оширилса, бу Туркманистоннинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлида эришган катта муваффақияти бўлади», — дейилади ҳужжатда.

Нашр таъкидлашича, бу ҳужжат аслида Туркманистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш тўғрисида умумий маънода айтилмаган биринчи ҳужжатдир. Харитадаги биринчи нуқта – мажбурий ёки мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўймайдиган нормаларни қонунлаштириш мақсадида «Пахта йиғим-теримини ташкилий равишда уюштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Фуқароларни мажбурий сафарбар қилиш билан боғлиқ ҳар қандай амалиётни тақиқлаш ва бу борада жазолаш тизимини ўрнатиш режалаштирилмоқда. «Йўл харитаси»нинг яна бир жиҳати, унда шикоятларни аноним тарзда топширишнинг қулай усулини яратиш кўзда тутилган. Мазкур тизимни ривожлантириш учун Ташқи ишлар вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Омбудсман институти, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари масъулдир. Ҳужжатда қайд этилганидек, Туркманистон давлат, ҳуқуқ ва демократия институти шикоятларни қабул қилиш учун жавобгардир.

«Бироқ, дейлик давлат хизматчиларидан бири мажбурий меҳнат ҳақида мустақил ОАВ ёки ҳуқуқ ҳимоячиларига шикоят қилса, нима бўлиши аниқ эмас», — дея таъкидлайди нашр.

«Йўл харитаси»да пахта теримчиларининг меҳнати ихтиёрий бўлиши ва унга адолатли ҳақ тўланиши лозимлиги таъкидланган. Ишчиларни ёллаш учун пул йиғиш ноқонуний ҳисобланади ва буни ташкил этганлар қонун доирасида жазоланиши керак. 18 ёшгача бўлган болаларнинг пахта далаларида ишлашига йўл қўйилмайди, чунки бу уларнинг саломатлиги ва билим олишига салбий таъсир қилади.

Ҳужжатга кўра, давлат органлари болалар меҳнатидан фойдаланишнинг олдини олиш бўйича кенг жамоатчилик, деҳқон бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хабардорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиши ва амалга ошириши шарт. Бундан ташқари, пахта теримини меҳнат шароити зарарли ва хавфли ҳисобланган ишлар қаторига киритиш таклиф этилмоқда.

2024 йилнинг августидан декабригача ХМТ Туркманистоннинг барча ҳудудларини қамраб олувчи пахта терими шароитини мониторинг қилишни режалаштирган. Эслатиб ўтамиз, 2023 йили ХМТ шунга ўхшаш қоидабузарликларни аниқлаган эди.

Туркманистонда қишлоқ хўжалиги ишларига анъанавий тарзда бюджет ташкилотлари ходимлари ва баъзан мактаб ўқувчилари жалб қилинади. Жумладан, ўтган йили журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан тайёрланган ҳисоботда пахта терими даврида ҳукумат катталар ва болалар мажбурий меҳнатидан фойдалангани, далаларда меҳнаткашлар учун мақбул шарт-шароит яратилмагани, одамлар кўпинча очиқ ҳавода ётиб қолиб, пахта теришга мажбур қилингани қайд этилган.