Қирғизистон футбол клуби ОФКнинг янги турнири саралашида Афғонистон чемпиони билан ўйнайди

«Абдиш-Ата» ФК. kfu.kg сайти фотосурати

Қирғизистон чемпиони, Кантнинг «Абдиш-Ата» жамоаси Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Чақирув лигаси саралаш босқичи доирасида Афғонистоннинг энг кучли «Аттак Энержи» жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Ўйин 13 август куни Қирғизистонда бўлиб ўтади. Кураш ғолиби Чақирув лигасининг гуруҳ босқичига йўлланма, шунингдек, 100 минг доллар мукофот пулига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон терма жамоаси футболнинг замонавий тарихида иккинчи бор халқаро клублар турнирида иштирок этади. Аввалроқ афғонистонлик «Шоҳин Асмайи» ОФК кубогининг 2017/2018 йилги саралаш босқичи доирасида Тожикистоннинг «Ҳосилот» клуби билан тўқнаш келган ва иккита ўйиндан сўнг 0:1 (0:0, 0:1) ҳисобида мағлуб бўлганди. Ҳар икки ўйин Душанбедаги стадионда бўлиб ўтган.

«Абдиш-Ата» ўтган мавсумда ОФК кубоги ярим финалига қадар етиб борган ва икки ўйин натижасига кўра Австралиянинг «Сентрал Коуст Маринерз» жамоасига 1:4 (1:1, 0:3) ҳисобида имкониятни бой берганди.

Қайд этиш лозим, Туркманистон чемпиони «Аркадаг» ҳам автоматик тарзда мусобақанинг гуруҳ босқичига йўл оладиган Чақирув лигасида иштирок этади.

ℹ️ Чақирув лигаси ОФКдаги учинчи кучли клуб турниридир. Мусобақа янги, аммо 2005-2013 йиллари ўтказилган ОФК Президенти кубоги турнирининг қайта тикланган шакли деб аташ мумкин. 2024/2025 йилги Чақирув лигасида 20 та жамоа иштирок этади, уларда Туркманистон, Қувайт, Ливан, Сурия, Бангладеш, Уммон, Малдив ороллари, Фаластин, Индонезия, Мьянма, Камбоджа, Тайвань, Лаос ва Мўғулистондан 16 та клуб гуруҳ босқичига йўл олади. Шунингдек, саралаш босқичи ғолиблари, Қирғизистон ва Афғонистон клубларидан ташқари Бутан ва Непал чемпионлари ҳам ўзаро баҳс олиб боришади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ