Тожикистонда бола тарбияси билан боғлиқ қоидабузарликлар учун жарималар миқдори оширилди

Тожикистонда мактаб ўқувчилари. sputniknews сайти фотосурати

Тожикистон ҳукумати болаларнинг таълим ва тарбияси учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунни кенгайтирди. Бундан буён масъулият нафақат ота-оналар, балки васийлар, ўқитувчилар, мутасаддилар ва ижтимоий фаолларга ҳам тегишли бўлади. Шунингдек, таълим соҳасидаги қоидабузарликлар учун жарима миқдори оширилди, деб ёзади «Азия-Плюс».

«Ота-оналарнинг болаларга таълим ва тарбия беришдаги масъулияти тўғрисида» дея аталган қонуннинг янги таҳрири «Болаларнинг таълим ва тарбияси учун масъулият тўғрисида» деб номланади. Бинобарин, бундан буён ёш авлодни тарбиялаш нафақат ота-оналарнинг зиммасида бўлади.

Қонунда болаларга нисбатан экстремизм, зўравонлик ва камситишларга қарши курашишга қаратилган моддалар киритилган. Бу чоралар нафақат жарималар, балки маъмурий жазоларни ҳам назарда тутади. Улар ирқи, миллати, дини ва ижтимоий мансублигидан қатъи назар, ҳар қандай кўринишдаги камситиш ва таълим жараёнидан четлаштиришнинг олдини олишга қаратилган. Эҳтиёжли болалар ва ижтимоий ночор аҳволда бўлган болаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Қонун оилалар ва таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назарда тутади.

Қонунда аниқ ҳаракатлар белгиланмаган. Аммо жарималар белгиланган.

Шундай қилиб, «Таълим тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилган, унга кўра 10 ва 11-синфларда таълим мажбурий бўлади. Ўзгартиришлар 9-синфдан кейин мактабни муддатидан олдин тарк этишнинг олдини олишга қаратилган, бу кўпроқ қизларга тегишли, зеро уларни кўпинча эрта турмушга беришади ва бу ўз навбатида ҳуқуқ ҳимоячилари танқидига учрайди. Шу муносабат билан Жиноят кодексининг умумий ўрта таълим олишга тўсқинлик қилишга доир 164-моддасига ўзгартириш киритилган. Энди бунинг учун 1000 дан 1200 ҳисоб-китоб миқдорида (ҲКМ) жарималар мавжуд. Бир ҲКМ 72 сомонини (6,8 доллар) ташкил этади, жарима миқдори мос равишда 72 минг (6,8 минг доллар) дан 86,4 минг сомони (8,1 минг доллар)гача бўлади. Қоидабузарлар 180 соатдан 240 соатгача мажбурий меҳнат ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзгартиришлар Жиноят кодексининг вояга етмаганларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларини бажармаслик билан боғлиқ 174-моддасига ҳам тааллуқли бўлди: ҲКМнинг 700 дан 1000 бараваригача жарима – 50,4 мингдан 72 минг сомонигача (4,7 минг доллардан 6,8 минг долларгача). Шахс 240 соатгача мажбурий меҳнатга жалб қилиниши ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум бўлиши мумкин.

Тожикистон Маъмурий Кодексининг 90-моддасига («Вояга етмаганларни парвариш қилиш, ўқитиш ва тарбиялаш бўйича жавобгарлик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар») ҳам ўзгартиришлар киритилган. Қуйидаги жарималар назарда тутилган:

👉Агар ҳар чоракда эллик ўқув соати ўтказиб юборилса, жарима 10 дан 12 кўрсатгичгача – 720 дан 864 сомонигача (67,5 доллардан 81 долларгача) бўлади. Ҳуқуқбузарлик такрорланса — 30 дан 35 кўрсаткичгача, яъни 2160 дан 2520 сомонигача (202 дан 236 долларгача) жарима солинади.

👉Бола томонидан тақиқланган хатти-ҳаракатларнинг, шу жумладан экстремистик, порнографик ва зўравонлик мазмунидаги материалларни тарқатиш, кўнгилочар клубларга ташриф буюриш, бинолар, ёдгорликлар ва зиёратгоҳларга зарар етказиш, тамаки маҳсулотлари, спиртли ичимликлар, пирсинг ва кесувчи нарсаларни олиб юриш учун жарима — ҲКМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача, яъни 1080 дан 1440 сомонигача (101 доллардан 135 долларгача) солинади. Такрорий қоидабузарлик ҳолатида — 30 дан 35 ҲКМ ёки 2160 дан 2520 сомонигача (202 дан 236 долларгача).

👉Болага нисбатан зўравонлик қўллаш ёки бошқа шахсларга нисбатан жиноят белгилари бўлмаган ҳолда зўравонликка олиб келадиган назоратнинг етарли даражада бўлмаганлиги учун – ҲКМ 20 дан 25 бараваригача, яъни 1440 дан 1800 сомонигача (101 доллардан 169 долларгача) жарима солинади. Бу такроран содир этилган тақдирда жарима — 40 дан 45 ҲКМгача, 2880 дан 3240 сомонигача (270 дан 304 долларгача) ёки 5 дан 10 кунгача маъмурий қамоқ жазоси берилади.

Шунингдек, 464-1-модда, вояга етмаганларни тунги клублар, дискотекалар, букмекерлар, қимор марказлари ва компьютер ўйинлари марказларига киритишга доир жарималар миқдори оширилди. Энди уларга нисбатан жазо чоралари қуйидагича:

👉Жисмоний шахслар учун: ҲКМ 120 дан 150 кўрсаткичгача – 8640 дан 10800 сомонигача (810 дан 1013 долларгача). Бир йил давомида такрорий қоидабузарлик содир этилган тақдирда — ҲКМ 130 дан 150 кўрсаткичгача, яъни 9360 дан 10800 сомонигача (878 доллардан 1013 долларгача).

👉Якка тартибдаги тадбиркорлар учун: ҲКМ 180 дан 200 гача – 12960 дан 14400 сомонигача (1216 дан 1351 долларгача). Йил давомида такрорий қоидабузарлик содир этилган тақдирда — ҲКМ 220 дан 250 гача — 15 840 дан 18 000 сомонигача (1 486 дан 1 689 долларгача).

👉Юридик шахслар учун: ҲКМ 250 дан 300 гача – 18 000 дан 21 600 сомонигача (1 689 дан 2 027 АҚШ долларигача). Бир йил давомида такроран қоидабузарлик содир этилган тақдирда — ҲКМ 400 дан 500 гача — 28 800 дан 36 000 сомонигача (2 702 дан 3 378 долларгача) жарима солинади.

ℹ️ Тожикистонда «Ота-оналарнинг фарзандларининг таълими ва тарбиясидаги масъулияти тўғрисида»ги қонун 2011 йил август ойида қабул қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ