Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) асоссиз ҳибсга олинганлар бўйича ишчи гуруҳи Тожикистон ҳукуматини Тоғли Бадахшон фаоллари – журналист Улфатҳоним Мамадшоева, тадбиркор Сорбон Юноев, ҳуқуқ фаоллари Фаромуз Иргашев ва Манучеҳр Холиқназаровни зудлик билан озод қилишга чақирди. Бу ҳақда халқаро экспертлар ҳисоботида сўз юритилади, деб хабар беради «Бомдод».
Қайд этилишича, ишчи гуруҳ вакиллари юқоридаги шахсларни қамоққа олиш ва чиқарилган ҳукмларни ўзбошимчалик ва бу қуйидаги муҳим меъёрий ҳужжатларнинг бузилиши деб атаган:
✅ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси;
✅ Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция;
✅ Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт.
БМТ экспертлари Душанбени нафақат Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ) фаолларини озод қилишга, балки уларга халқаро стандартларга мувофиқ компенсация ва бошқа турдаги товон пулларини тўлашга чақирган.
Бундан ташқари, ҳуқуқ фаоллари Тожикистон расмийларидан Мамадшоева ва бошқа шахсларнинг ҳибсга олиниши ва ҳукмлари ҳолатлари юзасидан мустақил тергов ўтказишни, шунингдек, ушбу фуқароларнинг ноқонуний ҳибсга олинишига алоқадор ҳукумат вакилларини жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилган.
Тожикистон матбуоти таъкидлашича, расмий Душанбе БМТ ишчи гуруҳи чақириғига ҳозирча жавоб бермаган. Аммо илгари республика ҳукумати бундай сўровларга мунтазам равишда эътибор бермаган.
Нашрнинг эслатишича, санаб ўтилган маҳкумларнинг барчаси Тоғли Бадахшонда туғилган. Улар 2021-2022 йиллари минтақада бўлиб ўтган намойишлардан сўнг ҳибсга олинган. Бундан олдин ҳам ўнлаб халқаро ташкилотлар Тожикистондан уларни озод қилишга чақирган, бироқ фаоллар ҳамон панжара ортида қолмоқда.
Қўшимча қилиш лозим, уларнинг барчаси узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган: Иргашев — 29 йил, Мамадшоева — 21 йил, Холиқназаров — 16 йил, Юноев — 10 йил.