Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 31 август кунига (мамлакатда Мустақиллик куни нишонланади – «Фарғона» изоҳи) режалаштирилган ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринишнинг олдини олган. Операция ҳақида «Клооп» нашри қўмита матбуот хизматига таяниб хабар берди.
МХДҚ маълумотларига кўра, 31 август куни Бишкек яқинида давлат тўнтариши ташаббускорлари ёшларни, шу жумладан «бузғунчи кучлар»нинг олдиндан тайёрланган вакилларини бир жойга жамлаш мақсадида спорт ўйинлари ўтказмоқчи бўлишган.
Аниқлик киритилишича, тадбирга мухолифат етакчилари ҳам таклиф этилган ва уларга провокатор роли юкланган. Кейинчалик, жиноятчилар оломонни пойтахтга йўналтириб, йўл-йўлакай ўт қўйиш, ўқотар қуроллар ишлатиш ва полицияга қаршилик кўрсатиш орқали тартибсизликлар уюштирмоқчи бўлишган.
«Гуруҳ мамлакат раҳбарияти вакилларига ҳужум қилиш ниятида бўлган», — дея қўшимча қилади разведка хизмати.
МХДҚ маълумотларига кўра, ҳокимиятни эгаллаб олишга бўлган уринишлар йил бошидан бери давом этмоқда, бунинг учун давлат тўнтариши ташкилотчилари жиноятчилар билан учрашиб, бузғунчи ёшларни тайёрлашган, шунингдек, қуроллар ва ўқ-дориларни сотиб олишган. Шундай қилиб, терговчилар 70 та ўқотар қурол, 225 мингдан ортиқ ўқ-дорилар, қўлбола бомбалар, рация ва заҳарли моддаларни пуркаш мақсадида ишлатилиши лозим бўлган иккита дрон қўлга туширган. Шунингдек, гумонланувчилардан ўқ ўтказмайдиган жилетлар, дубулғалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари киядиган 200 дона кийим-кечак мусодара қилинган.
Қайд этилишича, тинтув чоғида махсус хизмат Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутати Марлен Маматалиевга тегишли ҳарбий гувоҳномани ҳам топган. У бу гуруҳга алоқаси йўқлигини, ҳужжати эса 2020 йил октабрдаги тартибсизликлар пайтида парламент биносида ўғирлангани айтишга шошилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ МХДҚ ҳокимиятни эгаллаб олишга тайёргарлик кўраётган беш нафар шахс ҳибсга олинганини маълум қилганди. Қўмита маълумотларига кўра, гуруҳ жиноятчилик мафкурасини, шунингдек, диний экстремизмни қўллаб-қувватловчи шахслардан тузилган.
ℹ️ 8 июль куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати Кербен шаҳар кенгашининг «Ата-Журт Қирғизистон» фракциясидан депутати қўлга олингани ҳақидаги маълумотни эълон қилди. Сиёсатчи ижтимоий тармоқларда вақти-вақти билан провокацион материалларни, жумладан, оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳукуматни зўравонлик йўли билан ағдаришга чақириқларни чоп этишда гумон қилинмоқда. Тегишли жиноят иши қўзғатилиб, депутат МХДҚ тергов изоляторига жойлаштирилган.