Бишкек троллейбуслардан бутунлай воз кечади ва ушбу турдаги жамоат транспорти учун мўлжалланган барча линияларни демонтаж қилади. Бу ҳақда Қирғизистон пойтахти мэри Айбек Жунушалиев маълум қилди, дея хабар беради «Кабар» миллий ахборот агентлиги.
Мэрнинг сўзларига кўра, уларнинг ўрнига электробуслар йўлга қўйилади. Шаҳар ҳокими маъмуриятнинг ушбу қарорини фуқаролар учун қулай шароит яратиш истаги билан изоҳлади.
«Барча электр узатиш линиялари ва кабеллар ер остидан ётқизилади. Троллейбуслар фақат битта йўналишда ҳаракатланиши мумкин, биз уларни вақтинча бошқа кўчаларга йўналтира олмаймиз. Яъни, улар фақат ўз йўналишларида ҳаракат қилиши мумкин, баъзида йўллар ёпилганда уларнинг йўналишини ўзгартириб бўлмайди», — дея таъкидлади Жунушалиев.
Унинг қўшимча қилишича, электробуслар ва бошқа транспортлар ҳаракатчанроқ бўлиб, пойтахт кўчаларида тирбандлик юзага келганда уларнинг йўналишларини осонгина ўзгартириш мумкин, аммо троллейбусларда бунинг иложи йўқ.
Бундан ташқари, пойтахт мэри келтирган статистик маълумотларга кўра, троллейбусларда қатновчи йўловчилар сони аста-секин камайиб бормоқда. Демак, ўтган йили ушбу транспорт туридан 8 миллион киши фойдаланган бўлса, жорий йили бу кўрсатгич уч миллионга кам.
Жунушалиев, шунингдек, шаҳар учун экологик тоза транспортга хизмат қилиш қимматга тушишидан шикоят қилди. Унга кўра, троллейбусларни яхши ҳолатда ушлаб туриш учун ҳар йили 200 миллион сўмдан ортиқ (2,3 миллион доллар) маблағ талаб қилинган.
Нашрнинг аниқлик киритишича, йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабаб ҳозирда Бишкекда бор-йўғи иккита троллейбус йўналиши – 11 ва 14-сонли троллейбуслар қатнови мавжуд.
Бишкек кўчаларидан троллейбусларнинг йўқолиб бораётгани масаласи баҳорда ҳам кўтарилган эди. Шу билан бирга, фаоллар шаҳарнинг экологик тоза транспортдан маҳрум бўлишига қарши овоз тўплаш орқали Интернетда петиция жойлаштирган.
Ҳужжат минглаб одамлар томонидан имзоланганига қарамай, пойтахт ҳокимияти ташаббусни муҳокама қилмасдан, линиялар ва бошқа инфратузилмаларни демонтаж қилишга киришди. Гарчи баъзи фуқаролар троллейбуслардан воз кечиш молиявий йўқотишларга ҳам олиб келишини айтиб, ҳокимликнинг хатосини кўрсатган бўлсада.
«Бишкекка етказилган зарар миқдори камида 624 миллион сўмни (7,2 миллион доллар) ташкил қилади. Троллейбуслар бизнинг жамоат бойлигимиздир, биз 70 йилдан ортиқ вақт давомида ҳақ тўлаяпмиз, бундан ташқари, уларнинг йўқ бўлиб кетиши касалликларга мойил, шундоқ ҳам тутун зараридан азият чекаётган одамларнинг соғлиғига зарар етказади. Унда юрмайдиган кимсалар бизнинг ягона экологик тоза транспортимизни тортиб олмоқчи», — дейди хавотирланган бишкекликлар.
Оммавий ахборот воситалари таъкидлаганидек, июнь ойи охирида фуқаролар билан бир қаторда шаҳар кенгаши социал-демократлар фракцияси депутатлари ҳам прокуратурага мурожаат қилишган. Улар мэрия шаҳар кенгаши билан келишилмаган ҳолда демонтаж ишларини бошлаганидан норозилигини билдирган. Шу билан бирга, назорат маҳкамасига Бишкек маъмуриятининг ҳаракатлари Қирғизистон Жиноят кодексининг «Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш» моддасига тўғри келайдими, деган савол берилган.