Қирғизистон Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг олтинчи версиясини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Янги лойиҳа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ягона порталига жойлаштирилган.
Kloop.kg таъкидлашича, олтинчи версияда ОАВ вакиллари танқидига дучор бўлган матбуот, интернет нашрлари, аудио, видео ва кинохроника дастурларини мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги банд мавжуд эмас. Эндиликда медиани фақат Адлия вазирлигида ихтиёрий рўйхатга олишни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Олдинги таҳрирда оммавий ахборот воситаларининг Рақамли ривожланиш вазирлигида рўйхатдан ўтиши мажбурий экани қайд қилинганди.
«Ушбу ўзгариш медиа форматларининг хилма-хиллигини тан олади ва янги ОАВни кераксиз тартибга солишдан сақлайди, уларга ОАВ сифатида рўйхатдан ўтиш ёки ўтмаслик тўғрисида мустақил қарор қабул қилиш имкониятини беради», — деб тушунтирганди лойиҳа ижодкорлари 28 июнь куни Бишкекда бўлиб ўтган муҳокамада.
Янги таҳрирда ОАВни рўйхатдан ўтказиш фақат суд қарори билан тўхтатилиши мумкинлиги қайд этилган. Бунга ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга ёки Қирғизистон конституциявий тузумини зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий чақириқларни ўз ичига олган материалларни тарқатиш тақиқининг бир йил ичида икки марта бузилиши сабаб бўлиши мумкин.
Давлат органлари ва мансабдор шахслар оммавий ахборот воситаларига сўров бўйича ахборотни сўров олинган кундан эътиборан 3 иш куни ичида ёки агар жавоб учун бошқа давлат органларидан маълумот талаб этилса, 14 кунгача бўлган муддатда тақдим этишлари шарт. Ахборот беришни рад этиш — давлат, тижорат ёки қонун билан алоҳида қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлсагина мумкин. Бундай ҳолда, рад этиш қонуннинг тегишли нормаларига асосланиши лозим.
Лойиҳада, шунингдек, устав капиталидаги улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахс телевизион ташкилотлар таъсисчиси бўлолмаслигига оид банд мавжуд.
Қонунда қайд этилишича, ОАВ ва унинг ходимлари қуйидаги ҳолларда ахборотни тарқатиш учун жавобгар бўлмайди:
👉 расмий ҳужжатлар ва хабарларда мавжуд бўлган бўлса;
👉 давлат ва жамоат органлари матбуот хизматларидан олинган бўлса;
👉 оммавий нутқларнинг сўзма-сўз талқини берилган бўлса;
👉 олдиндан ёзиб олинмаган ҳолда эфирга узатилган фуқароларнинг нутқларида акс эттирилган бўлса;
👉 мамлакат ОАВ қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган бошқа ОАВ томонидан тарқатилган хабарлар ва материалларнинг сўзма-сўз кўчирилиши ёки уларнинг фрагментларини келтирган ҳолда.
Умуман олганда, қонун лойиҳаси 34 моддадан иборат бўлса, амалдаги ҳужжат 24 моддадан иборат.
ℹ️ ОАВ фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси Қирғизистон президенти администрацияси томонидан ишлаб чиқилган. Аввалги версиялар республика Конституцияси ва мамлакат қабул қилган халқаро шартномалар нормаларига зид эканлиги боис танқидга учраганди. Қонун лойиҳасининг қабул қилинишига, хусусан, «Медиа сиёсати институти» (МСИ) экспертлари, Омбудсман Жамила Жаманбаева, бир қатор парламент депутатлари ва халқаро ташкилотлар қарши чиққанди. Жорий йил март ойида мамлакат президенти Садир Жапаров мазкур қонун лойиҳасини маҳаллий ОАВ раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда муҳокама қилганди, шундан сўнг уни қайта ишлашга юборганди.