Қозоғистон футбол клублари еврокубокдаги ўйинларини суст бошлади

"Тобол" футболчиси. liveresult.ru сайти фотосурати

Қозоғистоннинг учта клуби 2024/2025 йилги мавсумда еврокубок турнирларининг биринчи саралаш босқичининг дастлабки ўйинларини ўтказди. Уларнинг ҳеч бири ғалаба қозона олмади.

Қозоғистон чемпиони Чимкентнинг «Ордабаси» Чемпионлар лигасининг биринчи саралаш босқичи доирасида ўз майдонида Молдованинг энг кучли жамоаси бўлган «Петрокуб»ни қабул қилди. Учрашув тенг бўлди, бироқ томошабинлар гол урилганини кўришолмади. 0:0. Жавоб ўйини 17 июль куни Молдовада бўлиб ўтади. Мағлуб бўлган жамоа Конференция лигасининг иккинчи саралаш босқичида ўйнашда давом этади.

Қозоғистон кубоги ғолиби Қустанайнинг «Тобол» клуби Европа лигасининг биринчи саралаш босқичи доирасида Словакия кубоги соҳиби «Ружомберок» клубига қарши сафарда ўйнади. Биринчи бўлим икки томонлама кескин кечди ва 3:2 ҳисобида словакиялик футболчилар фойдасига ҳал бўлди. Иккинчи бўлимда тўп яна икки бор қозоғистонликлар дарвозасига тегди. Учрашув 5:2 ҳисобида «Ружомберок» фойдасига ҳал бўлди. Таъкидлаш жоиз, словаклар ўзларининг бешта голидан тўрттасини бурчак тўпларидан киритишди. Қозоғистондаги жавоб ўйини 18 июль куни бўлиб ўтади. Учрашувда мағлуб бўлган томон Конференция лигасида ўйнашда давом этади.

Қозоғистон чемпионати бронза медали совриндори «Актўбе» Конференция лигасининг биринчи саралаш босқичида Босниянинг тўртинчи жамоаси «Сараево»ни қабул қилди. Мезбонлар катта устунликка қарамай, гол ура олишмади, аммо меҳмонлар кутилмаганда учрашувнинг сўнгги дақиқаларида гол уриб, ғалаба қозонишди. 1:0 «Сараево» фойдасига. Жавоб учрашуви 18 июль куни Боснияда бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг яна бир вакили, миллий чемпионат кумуш медали совриндори «Астана» Конференция лигасининг иккинчи саралаш босқичидан бошлаб, «Торпедо-Белаз» (Беларусь) – «Милсами» (Молдова) жуфтлиги ғолиби билан ўйнайдиган бўлди.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди