Россия мулозимлари Марказий Осиёдан келган мигрантлар учун одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқди

VEDOMOSTI.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Россиянинг Миллий масалалар бўйича федерал агентлиги Марказий Осиёдан келган мигрантларнинг ижтимоий-маданий мослашуви бўйича курсни ишлаб чиқди ва Россия Федерациясининг бир қанча ҳудудларида синовдан ўтказди. Расмийларнинг фикрича, бу ҳужжат тез орада бутун мамлакат бўйлаб тарқалади, деб ёзади «Коммерсантъ».

Умуман олганда, курс 70 дақиқа давом этадиган маърузадан иборат. Дастур тўрт қисмга бўлинган:

✅ Россия Федерацияси миграция ва меҳнат қонунчилиги асослари;

✅ Россияда норасмий хулқ-атвор асослари;

✅ Россия Федерацияси қонунчилигига риоя қилмаслик учун жавобгарлик;

✅ Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар тарихи.

Биринчи бўлимда чет элликларнинг Россияга кириши ва яшаш қоидалари, шунингдек, патент олиш ва меҳнат шартномасини тузиш тартиби ҳақида сўз боради.

Таъкидланишича, маърузачи мамлакат қуролли кучларида шартнома бўйича хизмат ўталган ҳолда Россия фуқаролигини соддалаштирилган шаклда олиш мумкинлигини таъкидлаши шарт.

Курснинг иккинчи қисми мигрантларга ўз ватанларида эмаслигини, шунинг учун Россияда шу ердаги одатга кўра ўзни тутиши кераклигини эсга олиш тавсиялари билан бошланади. Меҳмонларга рус тилини билиш муҳимлиги эслатиб турилади, чунки россияликлар кўп миллатли халқ бўлсада, барчаси рус тилида гаплашади.

Кейинчалик, маърузачи чет элликларга бир қатор қоидаларга риоя қилишни тавсия қилади:

👉 қариндош бўлмаган одамларга «ака» ёки «сингил» деб мурожаат қилмаслик;

👉 ўткинчиларни она тилида муҳокама қилмаслик;

👉 бошқа одамлар олдида она тилида пичирламаслик;

👉 динга муносабатни ошкора кўрсатмаслик: жамоат жойларида урф-одат ёки ибодатни амалга оширмаслик;

👉 Ҳайвонларни қурбонлик учун сўйиш мумкин эмас.

Россия Федерациясида Улуғ Ватан уруши хотирасига ҳурмат бажо этилиши алоҳида таъкидланади. Шу муносабат билан, мигрантлар Иккинчи Жаҳон уруши обидалари, жумладан, Мангу олов олдида ўзларини одоб доирасида тутишлари керак, айниқса объектларни таҳқирлаш қатъий жазоланади.

Бундан ташқари, Марказий Осиёдан ташриф буюрганларга аёллар билан қандай мулоқот қилиш лозимлиги «ўргатилади», уларга аёлларнинг очиқ кийиниши айб саналмаслиги ва бундай ҳолат россиялик аёлнинг эркак билан учрашишга тайёрлигини англатмаслигини эслатади. Шунга қарамай, бир қатор қоидалар тавсия этилади: нотаниш одамларга жисмонан тегиниш мумкин эмас (чимчилаш, қучоқлаш, қўлларни ушлаш), чунки бу тегажоқлик деб ҳисобланиши мумкин. Бундан ташқари, ёқтирган аёл ёки эркак эътиборини жалб қилишга уриниб, ҳуштак чалмаслик лозим.

Учинчи бўлим миграция қонунларини бузганлик учун бериладиган жазоларга бағишланган. Ҳужжатнинг айнан шу қисмида чет элликлар экстремистик ёки террористик ҳаракатлар учун жавобгарликдан огоҳлантирилган. Улардан расмий рухсат бермаган митинг ва намойишларда қатнашмаслик сўралади, чунки бундай ҳаракатлар жаримага тортилиши ёки ҳатто мамлакатдан депортация қилинишига олиб келиши мумкин.

Ва ниҳоят, охирги бўлим Россия ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар тарихига бағишланган. Масалан, унда «Совет ҳокимиятининг қўлга киритган ютуқларидан бири кўп сонли қабилаларнинг қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, ўзбек, туркман ва тожик совет халқларига бирлашгани бўлган ва бу СССРдаги халқларнинг давлат миллатлари сифатида ривожланишига имкон яратган», деб таъкидланади. Шу боис маърузачи халқларнинг умумий тарихини, нацизмга қарши ҳамма биргаликда курашиб, ғалаба қозонганини унутмасликка чақиради.

Курс 11 та анимацион видеороликни тақдим этади, унда мигрантлар учун ўзини қандай тутишга оид қоидаларни ўн йил давомида Москвада яшаган Тимур исмли қаҳрамон ҳикоя қилади.

«Коммерсантъ» материалига шарҳида, мигрантларни мослаштириш ва миллатлараро муносабатлар соҳасидаги минтақалараро ресурс маркази «ПСП-фонд»ининг директори Борис Панич, курснинг амалга оширилиши саволлар туғдиришини айтади, чунки Россия ўлкаларида бундай дарсларни ўтказиши мумкин бўлган тузилмалар ва мутахассислар мавжуд эмас. Шунингдек, мамлакатда ташриф буюрувчиларни тўплаш ва мослашув маърузаларини тинглаш учун платформалар йўқ. Бундан ташқари, мутахассис 70 дақиқада бундай катта ҳажмдаги маълумотни одамга етказиб бериш мумкинлигига шубҳа қилади.

Паничнинг сўзларига кўра, мослашув курси Россия Федерациясида патент ёки узоқ муддат яшаш учун рухсатнома олишда мажбурий бўлиши керак, фақат алоҳида имтиҳон шаклида.

«Бу ҳозирги вазиятда ҳудудларнинг мослашув маърузасини тинглаган чет эл фуқароларининг ҳақиқий ёки сунъий сони тўғрисида берадиган ҳисоботидан фарқли ўлароқ, реал самара беради», — дея хулоса қилади мутахассис.