Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўш вилояти ҳудудининг бир қисмини сел босгани сабабларидан бирини Ўш шаҳар кенгаши депутати Алмаз Иминжоновнинг хатти-ҳаракати билан боғлади. Бу ҳақда Kloop.kg хабар берди.
МХДҚ маълумотларига кўра, депутат Ўш шаҳри жанубидаги «Турон» микрорайонидаги сел оқава каналидан 2,2 гектар ерни ноқонуний кўлга киритган. У кейинчалик якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун табиий каналлар тўшагини тўлдирган ва текислаган. Кейинчалик ер 30 та участкага бўлиниб, сотилган, сел оқиб ўтадиган канал ўрнида уйлар қурилган.
Натижада, кейинги сел оқимлари табиий оқиб ўтиш йўлини тополмай, тўғридан-тўғри биноларга қараб оққан.
««Турон» микрорайонига туташ уйлар ва ерлар лойга ботган, ҳудудни ободонлаштириш учун мўлжалланган инфратузилмани сув олиб кетган, аҳоли ҳаётига реал таҳдид юзага келган», — дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.
Иминжонов қидирувга берилган. Бу иш бўйича бир қатор мансабдор шахслар қўлга олинган ва улар депутатга сел оқиб ўтадиган каналдаги ер участкаларини ноқонуний қўлга киритишида ёрдам берганликда гумон қилинмоқда. Ўш собиқ вице-мэри Жасур Азимов, Ўшнинг собиқ бош архитектори Алтинбек Токошев, Ўш шаҳар мэрияси муниципал мулк бошқармаси собиқ раҳбари Ашимжон Семетеев ва Отуз-Адир қишлоқ бошқармаси раҳбари Иляз Сансизбаев қамоққа олинган.
Аввалроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ер участкаларини ноқонуний сотишда гумонланаётган Ўш вилояти Қора-Сув тумани ҳокими Темирболот Абикеевнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди. Ўш шаҳар суди уни ўз аризаси билан озод қилган. Эслатиб ўтамиз, Абикеев 2023 йил декабридан буён Қора-Сув тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган, бунгача эса Чўн-Алай туманини бошқарган.
ℹ️ Июль ойи ўрталарида кучли сел оқими туфайли Ўш шаҳри ва Қора-Сув туманида 800 га яқин турар-жой биноларини сув босиб кетганди. Камида беш киши, жумладан, бир оиланинг тўрт аъзоси ҳалок бўлган. Ижтимоий объектлар, жумладан, тўртта мактаб, иккита болалар боғчаси, иккита шифохона ва музей зарар кўрган.
Умуман олганда, 20 апрелдан 1 июлга қадар Қирғизистонда 230 дан ортиқ сел оқими қайд этилган ва ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.
«Илгари бундай ҳажмдаги сел оқимлари бўлмаган. Бўлгандаям, улар сунъий тузилмалар бўлмаган очиқ қатламлардан оқиб ўтган. [Аммо] сув оқар ҳудудларда дам олиш масканлари, кўприклар қурилган, эстакадалар ва сайр қилиш жойлари пайдо бўлган. Бу эса сел оқимига тўсқинлик қилган ва кейинчалик аҳоли пунктларини сув босишига олиб келган. <…> Бундай ҳудудларда қурмаслик бўйича кўрсатмалар берамиз, лекин улар бажарилмаяпти», — дейди Қирғизистон ФВВ Фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнози департаменти директори Даурбек Сакиев.