Қирғизистон парламентининг собиқ спикерига тегишли банк давлат тасарруфига ўтказилди

ECONOMIST.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) собиқ спикери Чинибай Турсунбековга тегишли бўлган Capital Bank мамлакат ҳукумати ҳузуридаги Давлат мулкини бошқариш давлат агентлиги (ДМБДА) тасарруфига ўтказилди. Бу ҳақда Қирғизистон фонд биржаси сайтидаги хабарда сўз юритилади.

Унда қайд этилишича, 25 июлга қадар Capital Bankнинг 100 фоиз акциялари тўлиқ ДМБДАга ўтказилган.

Чинибай Турсунбеков 1990-2000 йиллари йирик тадбиркор бўлган, деб эслатади Kaktus.media. У «Акун» ЁАЖ ва «Бишкек ун комбинати» ОАЖ бош директори сифатида танилган, Қирғизистон тадбиркорлар иттифоқи президенти бўлган.

2010 йил октабрь ойида парламент депутати этиб сайланган ва 2016-2017 йиллари спикер бўлган. 2020 йил июль ойида, COVID-19 пандемияси авжига чиққан пайт Турсунбеков пневмониядан вафот этган.

Capital Bankнинг 859,9 миллион сўм (деярли 10 миллион доллар) қийматидаги 17,1 миллион дона акцияси Турсунбековнинг уч фарзанди ўртасида тақсимланган. Ўғли Эржонга 40%, қизлари Айдай ва Бегимайга — 30% ўтган.

19 июль куни Қирғизистон ОАВлари Турсунбековнинг қизлари ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди. Айдай 24 августга қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жўнатилган, чақалоғи бор Бегимай ўша кунгача уй қамоғида бўлади. Мазкур ҳолат юзасидан аёлларга нисбатан «Жиноий даромадларни легаллаштириш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, ҳибсга олиш Турсунбеков томонидан «Бишкек ароқ заводи» 1,5 гектар ери билан ва «Акун» пансионати қурилиши учун ажратилган ҳудуднинг ноқонуний хусусийлаштирилгани билан боғлиқ. Бундан ташқари, парламентнинг собиқ спикери 2010 йили кейинчалик Capital Bank номига ўзгартирилган «Акылинвестбанк»ни босқинчилик йўли билан босиб олганликда гумон қилинмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ