Тожикистон мактабларида рус тилини ўқитиш методикаси янгиланди

РАҲИМ САИДЗОДА ЯНГИ РУС ТИЛИ ДАРСЛИГИНИ ТАҚДИМ ЭТМОҚДА. ASIAPLUSTJ.INFO САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Тожикистон Таълим ва фан вазири Раҳим Саидзода мактаб битирувчиларининг рус тилидан билим даражаси ёмон эканидан шикоят қилиб, ушбу фанни ўқитиш методикасини ўзгартиришни таклиф қилди. Бу ҳақда «Азия-Плюс».

«Афсуски, 11-синфни тамомлагандан кейин ҳам баъзи ўқувчилар рус тилини базавий даражада билмайди ва бу эса хавотир уйғотади», — деди Саидзода 26 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Вазирнинг сўзларига кўра, мактабларда «Муносибати Босалоҳият» («Салоҳиятли муносабат») махсус дастури жорий этилган бўлиб, унинг доирасида намунавий ўқув дастурлари қайта кўриб чиқилган, янги дарсликлар тайёрланган. Ўқитувчилар малакасини ошириш дастурлари ҳам янгиланган.

Шу билан бирга, мактаб ва олий ўқув юртларида рус тилини ўрганиш учун қўшимча соатлар жорий этиш режалаштирилмаган.

Саидзода рус тилини ўқитиш методикасини ўзгартиришни шахсан ўзи таклиф қилганини айтди.

«Мактабда тил ўрганаётганда ўқитувчилар грамматикага эътибор беришади. Мен ўқувчиларни тилни имкон қадар кўпроқ – расмлар, ўйинлар, интерактив орқали ўрганишга ундаш учун методологияни ўзгартиришни таклиф қилдим», — дея тушунтирди вазир.

Шунингдек, у Таълим ва фан вазирлиги томонидан илк бор мактабгача таълим муассасаларида тожик тили билан бир қаторда рус ва инглиз тилларида дарсларни жорий этиш дастури қабул қилинганини қўшимча қилди.

«Мактабгача таълим муассасасига келган бола давлат тили қатори рус ва инглиз тилларини ҳам ўрганиши шарт», – деди Саидзода.

ℹ️ 2023 йил ноябрь ойида Россия президенти Владимир Путин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга ўз республикасида рус тилини ривожлантираётгани учун миннатдорчилик билдирди. 2022 йили Тожикистонда Россия кўмагида қурилган бешта рус тили мактаби очилганини эслатган Путин 2023-2024 йиллари бу муассасалар дарсликлари учун 200 миллион рубль ажратишга ваъда берганди.

Тожикистонда рус мактаблари тармоғини ривожлантириш бўйича келишув 2017 йил февралида Владимир Путиннинг Душанбега расмий ташрифи чоғида имзоланган эди. Душанбе, Хўжанд, Бохтар, Кўлоб, Турсунзода шаҳарларида мактаблар қурилган.