Қозоғистон ва Ўзбекистон дзюдочилари Париждаги ёзги Олимпия ўйинларида олтин медалларни қўлга киритди. Бу мукофотлар Марказий Осиё республикалари жамоалари учун энг юқори пробадаги илк медаллар бўлди.
Олимпиадаларда кумуш (2016) ва бронза (2020) мукофотларига сазовор бўлган қозоғистонлик дзюдочи Елдос Сметов ниҳоят Париж Олимпиасида олтин медални қўлга киритди. 60 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги финал баҳсида Сметов грузин миллатига мансуб франциялик Лука Мхеидзени мағлуб этди. Бу Қозоғистон учун дзюдо бўйича биринчи Олимпия олтинидир.
Ислом Сатпаев ва Александра Ле 10 метрга пневматик милтиқдан отиш бўйича аралаш жамоавий баҳсларда иккита бронза медални қўлга киритди. Учинчи ўрин учун баҳсда улар Германия терма жамоасини мағлуб этишди.
Ўзбекистонлик дзюдочи Диёра Келдиёрова 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Келдиёрова финалда Косово вакили Дистрия Красничини мағлуб этди. Эслатиб ўтамиз, финал йўлида ўзбекистонлик спортчи амалдаги Олимпия чемпиони, Япониянинг кўп карра жаҳон чемпиони Ута Абэни мағлуб этганди.
29 июль эрталабки ҳолатга кўра, бу Ўзбекистон терма жамоаси жамғармасидаги ягона медалдир.
XXXIII Олимпия ўйинлари Парижда 24 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади. Мусобақада бутун дунёдан 10 мингдан ортиқ спортчи иштирок этади. Улар 329 та мукофот учун кураш олиб борадилар.