Жапаров элчихона ходимлари учун хорижда кўчмас мулк сотиб олинаётганини харажатларни тежаш билан изоҳлади

Қирғизистоннинг Париждаги элчихонаси. 24.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида республиканинг хориждаги элчихоналари ва ваколатхоналари ходимлари учун квартира ва офислар сотиб олинишини пулни тежаш истаги билан изоҳлади.

Жапаровнинг сўзларига кўра, хорижий кўчмас мулкни ижарага олиш Қирғизистон бюджетига оғирлик қилади ва квартира ёки офис сотиб олинган тақдирда бу харажат моддаси ёпилади.

«30 та давлатда элчихоналаримиз, 11 давлатда консуллик ва БМТда ваколатхонамиз бор. Ҳар бир элчихонада камида 6-7 нафар ходим бор. Уларнинг ҳар бири квартирани ижарага олади. Уларнинг ижара тўловлари давлат бюджетидан тўланади. Шундай экан, квартира ва идораларни бир марта сотиб олсак, улар абадий давлат мулки бўлиб қолади. Катта миқдорда пул тежалади. Ходимларимиз у ерда фақат коммунал тўловларни тўлаб яшаши мумкин бўлади», — дея изоҳади президент ўз позициясини.

Жапаров «исрофгарчилик»га мисол сифатида Нью-Йоркдаги БМТ миссияси учун 30 йилга ижарага олинган квартирани келтирди.

«Ойига 5 минг доллар ижара пули тўлаймиз. 30 йил давомида қанча пул сарфланганини тасаввур қилинг. Битта вакилга тўртта квартира нархига тенг маблағ сарфланди. Агар биз бошида битта квартира сотиб олганимизда, у атиги 10 йил ичида ўзини қоплаган бўларди ва тоабад давлат мулки бўлиб қоларди», — дея тушунтирди Жапаров.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Қирғизистон ҳукуматининг бор-йўғи учта шаҳарда: Берлин, Брюссел ва Москвада офислари бор.

Садир Жапаров Қирғизистоннинг Париждаги элчихонаси давлат мулкига ўтган янги биносига ташрифи чоғида чет элда кўчмас мулк сотиб олиш зарурлиги ҳақида гапирди. Ўшанда у, унинг топшириғига кўра, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Венгриядан бино олгани ва Швейцария, Австрия ва Россияда кўчмас мулк сотиб олаётганини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ