Туркия ҳукумати Instagramни блокдан чиқарди ва Telegramга киришни чеклаш билан таҳдид қилди

sabah.com.tr сайти фотосурати

Ресурс маъмурияти Анқара шартларини бажаришга рози бўлганидан кейин Туркия расмийлари Instagramни (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) блокдан чиқарди.

Туркия Транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралўғлининг сўзларига кўра, Instagram мамлакатнинг ахборотга оид қонунларига риоя қилишга тайёр экани, «КИП, ДИП ва ФEТО каби террор ташкилотларига тегишли аккуант ва постлар ўчирилишини» маълум қилган, деб хабар беради Takvim. (КИП – Курдистон ишчилар партияси, ДИП – Демократик иттифоқ партияси, ФEТО – Фатҳуллоҳ Гуленнинг «Ҳизмет» ҳаракати билан алоқадор бир қатор ташкилотларнинг умумий номи).

Айни пайтда Telegram мессенжери блокланиш хавфи остида қолган. Туркиянинг Ахборот технологиялари ва коммуникациялари бошқармаси унда «гиёҳвандлик, фоҳишалик, қимор ва педофилия ҳақидаги видеолар эркин сотилаётган» каналларни аниқлаган, деб ёзади Takvim. Бошқарма Телеграм маъмуриятига ушбу каналларни ёпишни талаб қилиб мингдан ортиқ хат йўллаган, бироқ уларнинг бирортасига ҳам жавоб олмаган.

Бошқарма, шунингдек, Telegram бундай каналлар обуначилари ҳақидаги маълумотларни Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларига ўтказишдан бош тортгани учун мессенжер жиноятчилар шериги деб ҳисобланиши мумкинлигини таъкидлайди, деб ёзади Sabah.

ℹ️ Туркияда 57 миллион Instagram фойдаланувчиси бор. 2 августдан 10 августгача ижтимоий тармоққа кириш блокланди. Telegram мессенжеридан мамлакатда 8 миллион киши фойдаланади.