Қозоғистонлик мактаб ўқувчисининг фоҳишаликка жалб этилганига оид ишга алоқадор шахслар ишдан бўшатилди

Қизилўрда ҳокимиятидаги мажлис иштирокчилари. gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида жинсий қулликка тушиб қолган қизнинг мактаб директори, синф раҳбари ва бошқа ходимлар ишдан бўшатилди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати. Бу ҳақда 16 август куни бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокими Нурлибек Налибаев тегишли кўрсатма берган.

Унинг таъкидлашича, вояга этмаган қизни олти ой давомида фоҳишаликка мажбурлашган, аммо уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ҳам, қизнинг ўқитувчилари ҳам бу муаммо ҳақида билишмаган.

«Бугундан бошлаб мактаб директори (жабрланувчи қиз ўқиган жой – таҳр.изоҳи), тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, психолог, ижтимоий педагог ва синф раҳбарлари ишдан бўшатилсин. Шаҳар таълим бошқармаси бошлиғига қаттиқ танбеҳ берилсин ва бўлимнинг тарбиявий ишлар бўйича масъул мутахассиси эгаллаб турган лавозимидан четлатилсин. Таълим бошқармаси бошлиғига ўз лавозимига тўлиқ мос келмаслиги билдирилсин. Шунингдек, мудхиш воқеага мактаб инспектори ва ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган участка инспектори, буни назорат қилмаган вояга етмаганлар ишлари бўйича шаҳар ИИБ бўлими, вилоят уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бевосита айбдордир. Шу муносабат билан мен полиция департаментидан масъул мутахассисларга нисбатан, жумладан ишдан бўшатишгача бўлган кадрлар қарорларини қабул қилишини талаб қиламан. Иш кунининг охирига қадар кўрилган чоралар ҳақида маълумот берилсин» – дея топшириқ берган вилоят ҳокими.

«Ушбу жиноятга алоқадор барча шахслар аниқланиши лозим, мен ишонаманки, улар амалдаги қонунчиликка мувофиқ энг оғир жазони оладилар. Бу ҳолатни шахсан ўзим назорат қиламан», — деган Нурлибек Налибаев.

Қизилўрдалик 16 ёшли мактаб ўқувчиси бир неча ой жинсий қулликда бўлгани август ойи бошида маълум бўлган. Бу ҳақда қизнинг онаси «Не молчи.kz» фондига айтиб берган. Аёлнинг сўзларига кўра, воқеага қизининг синфдошлари дахлдор бўлган. Кейинроқ полиция ушбу факт бўйича жиноий иш қўзғатганини маълум қилди. Гумонланувчи бир неча вояга етмаган ўсмирлар ҳибсга олинган.