Қирғизистоннинг MВankи Россия банклари орқали пул ўтказмаларини тўхтатди

krasrab.ru сайти фотосурати

«Қирғизистон тижорат банки» (MBank) 16 августдан Россия банклари орқали пул ўтказмаларини тўхтатди. Бу ҳақда кредит ташкилотининг сайтида эълон берилган.

«2024 йил 16 августдан Россия банклари, жумладан Сбербанк, Тинкофф ва МТС орқали пул ўтказмалари ҳар икки йўналишд тўхтатилганини маълум қиламиз. Ушбу хизмат номаълум муддатга вақтинча ишламайди», — дейилади хабарда.

Кирувчи пул ўтказмалари санкциялар қўлланилмайдиган банклар орқали рубль реквизитлари ёрдамида амалга оширилади, дея қўшимча қилади MBank.

ℹ️ 13 июнь куни MВank Қирғизистонда рубль ҳисоблари ва карталарига вақтинчалик чеклов киритган, тўлдириш, ўтказиш ва конвертация қилиш имкониятини тўхтатган кредит ташкилотларидан бирига айланди. Бунга валюта курсининг ўзгарувчанлиги ва валюта бозоридаги мумкин бўлган кескин тебранишлар сабаб бўлгани айтилади. Мазкур қарор банк томонидан АҚШ расмийлари россиялик компаниялар ва жисмоний шахсларга нисбатан янги санкциялар пакетини жорий қилган куннинг эртасига қабул қилинган, санкциялар Москва биржасига ҳам таъсир қилган. 13 июндан бошлаб Москва биржаси доллар ва евродаги савдоларни ҳамда ушбу валюталарда ҳисоб-китобларни амалга оширишни тўхтатган.

👉 MBank — Қирғизистондаги энг йирик тижорат банкларидан бири ҳисобланади. 2024 йилнинг иккинчи чораги якунига кўра, унинг активлари ҳажми 84 миллиард сўмдан ортиқни (973,4 миллион доллар) ташкил этган. MBank 2024 йили SME Banking Agency версиясига кўра, Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида бизнес учун энг мобил ва интернет-банклар рўйхатига киритилган Қирғизистондаги ягона кредит муассасаси бўлган.