Путин «россияликлар қадриятларини ҳурмат қиладиган» чет элликлар учун фуқароликни олишни енгиллаштирди

Фармон фрагменти

Россия Президенти Владимир Путин 19 август куни «анъанавий рус қадриятларини ҳурмат қиладиган» чет эл фуқаролари учун вақтинча яшаш рухсатномасини (РВП) олишни енгиллаштиришга оид фармонни имзолади.

Енгиллик ўзи яшаётган давлатда «россияликлар маънавий қадриятларига зиён етказувчи бузғунчи нолиберал мафкурани сингдиришга уринаётган» маҳаллий ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватламайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тегишли бўлади. Фармонда кўзда тутилган хорижликлар РФ ҳукумати томонидан ўрнатилган квотасиз, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асослари билимини тасдиқловчи сертификатсиз РВП олишлари мумкин.

Шу билан бирга уларда «Россия Федерациясида чет эл фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида» ги қонуннинг 7-моддасида келтирилган рад этилишига оид асослар бўлмаслиги керак. Бундай асосларга Россия конституциявий тизимини мажбуран ўзгартириш, россияликлар хавфсизлигига таҳдид солиш, РФдан чиқариб юборилганлик, террорчилик актларини режалаштириш ва молиялаштириш ва бошқа ҳолатлар киради.

Фармондан фойдаланишни истаганлар учун 1 сентябрдан Россияга қириш учун уч ойлик муддатга виза берилади. Бунинг учун Россия дипломатик ваколатхонаси ёки консуллигига сабаблар кўрсатилган ариза юбориш керак. Россия Ташқи ишлар вазирлигига «бузғунчи нолиберал мафкурани сингдириш сиёсатини олиб бораётган» давлатлар рўйхатини тузиш топширилган.

👉 Вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) чет эл фуқароси учун РФ фуқаролигини олиш йўлидаги биринчи қадам ҳисобланади. РВП олишдаги асосий қийинчиликлардан бири — бу борада ҳукумат томонидан ҳар йили бериладиган квоталарнинг чекланганидир. 2024 йили РФ ҳукумати 10,595 та РВПни тасдиқлаган. Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишга асоси бор чет эл фуқаролари квотадан ташқари рухсатнома олиш имкониятига эгадирлар.

Ҳужжат уч йил муддатга берилади. Шу вақт ичида Россия фуқаролигини олишни истаган шахслар РВП асосида доимий яшашга рухсатнома (ВНЖ) олишга улгуришлари керак. Россияда беш йил истиқамат қилгандан сўнг, ВНЖ асосида фуқароликни олиш учун ариза топшириш мумкин.

ℹ️ Россия қадриятлари20 22 йили ноябрда қабул қилинган «Россия маънавий қадриятларини сақлаш ва мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсати асослари» га доир фармонда кўрсатиб ўтилган.

«Анъанавий қадриятларга инсон ҳаёти, унинг қадр-қиммати, ватанпарварлиги, фуқаролиги, Ватанга хизмат қилиш ва унинг тақдири учун жавобгарлик, юқори маънавий идеаллар, инсонпарварлик, саҳоват, адолат, коллективизм, ўзаро ёрдам ва ўзаро ҳурмат, тарихий хотира ва авлодлар узвий боғликлиги, Россия халқларининг бирдамлиги киради», — дейилади ҳужжатда.