Бишкек майдони 28 та аҳоли пунктлари қўшилиши эвазига уч бараварга кўпайди

akchabar.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда маъмурий-ҳудудий ислоҳот доирасида Бишкек майдони уч бараварга ва пойтахт аҳолиси қарийб 114 минг кишига кўпаяди. Бу шаҳарга туташ қишлоқлар ва Чуй вилоятининг бешта аҳоли пункти қўшилиши эвазига содир бўлади. Ушбу ўзгартиришларни тартибга солувчи қонун 20 август куни «Эркин-Тоо» газетасида эълон қилинди.

Таъкидланишича, республка президенти Садир Жапаров шу йилнинг июль ойида мазкур ҳужжатни имзолаган, аммо у расман эълон қилингандан кейин ўн кун ўтиб кучга киради.

Бишкекдан ташқари ислоҳот бошқа шаҳарларга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Хусусан, Ўш таркибига 22 та қишлоқ киритилади ва «жанубий пойтахт» ҳудуди икки бараварга, аҳолиси эса 91,2 минг кишига кўпаяди.

Шаҳарларни кенгайтириш жараёни мамлакатнинг бошқа минтақаларига ҳам таъсир қилади, шу боис қуйидаги шаҳарлар аҳолиси сони кўпаяди:

✅ Чуй вилоятининг Кант, Қора-Болта ва Тўқмоқ шаҳарлари аҳолиси 12,9 минг кишига;

✅ Ош вилоятининг Қорасув шаҳри — 28,5 минг кишига;

✅ Жалолобод вилоятининг Жалолобод, Кермен, Токтоғул, Майлуу-Су шаҳарлари — 78,3 минг кишига;

✅ Иссиққўл вилоятининг Қаракўл, Балиқчи, Чолпон-Ота шаҳарлари — 23,4 минг кишига кўпаяди.

Бундан ташқари Kaktus.Media нашрининг ёзишича, ислоҳот йирик айил аймакларини (бир ва бир неча қишлоқлар ва уларга тутуш ҳудудлардан иборат муниципиал тузилма — «Фарғона» изоҳи) ҳам қамраб олади. Уларнинг айримларини бирлаштириш ҳисобига маъмурий-ҳудудий бирликларнинг умумий сони камаяди.

Бу қуйидаги минтақаларда сезиларли бўлади:

✔ Жалолобод вилоятида 67 аймакдан 37 таси қолади;

✔ Иссиқкўлда 61 тадан 22 таси қолади;

✔ Норинда — 63 дан 27 таси;

✔ Ўшда 88 дан 58 таси;

✔ Чуй вилоятида 105 тадан 49 та аймак қолади.

Нашрнинг таъкидлашича, маъмурий-ҳудудий ислоҳотлар тўғрисидаги қонун кучга киргандан кейин маҳаллий Кенешлар тарқатиб юборилади. Кейин амалдаги қонунга кўра, ҳукумат маҳаллий органларга депутатларни сайлаш бўйича сайловлар кунини белгилайди. Дарвоқе, янги қоидаларга биноан халқ депутатлари ваколати ҳозиргидек тўрт йилни эмас, беш йилни ташкил этади.