Афғон расмийлари аёллар савдоси, сеҳргарлар ва мусиқачиларга қарши кураш натижаларини маълум қилди

Афғон аёллари. rbk.ru сайти фотосурати

Афғонистоннинг Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги маълум қилишича, ўтган йил давомида расмийлар мажбурий никоҳ, аёллар савдоси, исломда тақиқланган мусиқа ва жодугарликка қарши муваффақиятли кураш олиб боришган. Йиллик ҳисобот натижалари махсус матбуот анжуманида эълон қилинди, деб хабар беради ToloNews.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳисобот даврида оилалар ўртасидаги келишмовчиликни бартараф этиш мақсадида қизларни мажбурий эрга бериш билан боғлиқ 300 дан ортиқ ҳолатнинг олди олинган. Шунингдек, мутасаддилар томонидан аёлларни сотиш билан боғлиқ 205 та жиноят фош этилган. Вазирлик афғон аёлларига мерос ҳуқуқларини қайтаришда фаол ёрдам берган- ҳисоботда 779 та мана шундай эпизод ҳақида сўз боради.

Вазир ўринбосарларидан бири Муҳаммад Фақир Муҳаммаднинг қўшимча қилишича, «Толибон»* вакиллари бундан кейин ҳам Амирликдаги аёлларнинг исломий ҳуқуқларига риоя этилишини кафолатлаш учун саъй-ҳаракатларини давом эттиради.

Вазирлик Афғонистонда шариатга кўра тақиқланган нарсаларга қарши кураш чоралари ҳақида хабар беради. Шу тариқа, ўтган йил давомида 21 мингдан ортиқ чолғу асбоблари йўқ қилинган (2021 йили толиблар ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг мусиқани бутунлай таъқиқлашган. – «Фарғона» изоҳи). Мамлакатда 25 вино корхонаси ёпилган, босма, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чоп этилаётган журналистик материалларнинг 90 фоизи цензурадан ўтказилган. Мингга яқин тумор ясовчилар ва сеҳргарлар ҳибсга олиниб, судга тортилган.

Умуман олганда, толиблар маълумотларига кўра, уларга аҳолидан 10 мингга яқин мурожаат келиб тушган, уларнинг деярли 5,5 минги ҳал этилган. 13 мингдан ортиқ одам «ахлоқсиз хатти-ҳаракатлари» туфайли қўлга олинган — улардан 7 мингдан ортиғи бир суткага, қолганлари уч кунга қамалган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).