Толиблар аёлларнинг ҳижобда бўлишини қонун билан мустаҳкамлади

vlast.kz сайти фотосурати

Афғонистонда ҳукмрон «Толибон»* радикал ҳаракати аёлларнинг ҳижобсиз кўчага чиқиши, жамоат жойларида баланд овозда гапиришини тақиқлайдиган қонунни маъқуллади. Ҳужжат Ислом амирлиги раҳбарияти томонидан маъқулланди ва у қонуний кучга кирди, деб хабар беради ToloNews.

Ушбу қоидалар тўплами Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва бу ҳужжатнинг номланишида ўз аксини топган – «Фазилат ва иллатлар тўғрисидаги қонунлар декларацияси». Мазкур ўзига хос одоб-ахлоқ кодекси 114 саҳифадан, 35 моддадан иборат бўлиб, мамлакат ҳаётининг турли жабҳаларини: эркак ва аёлларнинг ташқи кўриниши, мусиқа, жамоат транспорти, байрамларга оид масалаларни қамраб олади.

13-модда афғон аёлларига бағишланган бўлиб,

унда юз ва танасини эркаклардан бутунлай яшириш аёлларнинг бурчи экани айтилган.

Шунингдек, уларга юпқа, тор ёки калта кийимларни кийиш тақиқланади. «Толибон» расмийларига кўра, ҳижобнинг мажбурийлиги «ёт кимсалар ҳиссиётларини қўзғатмаслик» учун зарур.

Худди шу сабабга кўра, аёлларнинг жамоат жойларида баланд овозда гапиришлари, қўшиқ айтишлари, қарсак чалиб олқишлари қонунан тақиқланади. Қонунда айтилишича, аёлнинг овози интим ва жозибали бўлиб, уни бегоналар эшитмаслиги керак.

Бундан ташқари, ҳайдовчиларга вояга етган аёлни васий эркаксиз ташиш тақиқлангани айтилади.

«Биз доимо улар [толиблар] хоҳлаганидек бўлдик, лекин уларнинг тақиқлари кундан-кунга кучайиб бормоқда. Умид қиламизки, улар ўз қарорларини қайта кўриб чиқадилар», — дея аёллар ҳуқуқлари фаоли Тасфир Сияхпош сўзларини келтиради ToloNews.

Ҳужжат эркакларнинг ташқи кўринишини ҳам тартибга солади, бу ҳақда 22-моддада сўз юритилган. Шундай қилиб, эркакларнинг галстук тақиши, соқол олиши, соқолларини муштидан қисқароқ қилиб қирқишлари, шариатга зид соч олдиришлари, кофирларга тақлид қилиши, улар билан дўст бўлиши ёки уларга ёрдам бериши мумкин эмас.

17-модда оммавий ахборот воситаларига бағишланган – уларнинг контенти шариат ва ислом нормаларига зид бўлмаслиги керак. Шундай экан, оммавий ахборот воситалари мусулмонларни камситиб, ҳақорат қилмаслиги, тирик мавжудотлар тасвирини кўрсатмаслиги керак.

«Сизларни ишонтириб айтамизки, бу исломий қонун эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларни йўқ қилишда катта ёрдам беради»,дея хулоса қилади ҳужжатни ишлаб чиққан идора вакили Маулви Абдул Ғафар Фарук.

Толиблар 2021 йили ҳокимиятни қўл киритганидан сўнг дарҳол шариат қоидаларини жорий қила бошлаганлар. Масалан, аёлларга нисбатан қаттиқ чекловлар юзага келган. Гарчи, аёлларнинг жамоат жойларида ҳижобда бўлиши мажбурий эканига оид қоида икки йилдан ортиқ вақт амалда бўлсада, энди у қонун билан мустаҳкамланди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ