ТУРКСОЙ давлатлари ягона кино ва медиа платформасини яратишга келишиб олдилар

ТУРКСОЙ форуми. WOSCU матбуот хизмати фотосурати

Самарқандда бўлиб ўтган ТУРКСОЙ форуми доирасида туркий давлатлар кино ташкилотлари вакиллари ягона кино ва медиа платформасини яратиш бўйича меморандум имзолади.

Ушбу платформада контент истеъмолчилари Халқаро Туркий маданият ташкилотига аъзо мамлакатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқарилган кино ва медиа маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

ТУРКСОЙ форуми Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг (WOSCU) VIII Халқаро конгресси доирасида бўлиб ўтди. 24-25 август кунлари Самарқанд шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази иштирокида «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси» мавзуида форум бўлиб ўтди.

Конгресс давомида маданий лойиҳалар ва ташаббуслар тақдимоти бўлиб ўтди. «Махтумқули», «Араб тили эволюцияси», «Масжид», «Сеҳрли кўза», «Клавихо», «Худойберган Девонов ва немис меннонитлари», «Мухтор Авезов», «Турклар асри» каби ҳамкорликдаги лойиҳалар, шунингдек «Сирдарё», «Ўзбекистон археологик дурдоналари», «Мусхаф Усмон тарихи», «Ал-Хоразмий», «Насриддин», «Темурнинг йўқолган ёқути» туркум лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, ТУРКСОЙнинг кинематография соҳасидаги фаолияти ва Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва контентни биргаликда ишлаб чиқаришга оид бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

ℹ️ 23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида WOSCU VIII халқаро конгресси бўлиб ўтди. Форумни ташкилий ва молиявий қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон ҳукумати, ERIELL GROUP нефть-сервис компанияси, Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, ТУРКСОЙ, ИРСИКА, «Ал-Фурқон» жамғармаси томонидан амалга оширилди. Конгрессда 35 давлатдан 300 га яқин дунёга машҳур олимлар иштирок этдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ