Қозоғистон Тожикистондан электр энергиясини импорт қилиш ниятида, ҳозирда тегишли идоралар бу масалани муҳокама қилмоқда, дея хабар беради Республика Энергетика вазирлиги. Музокараларда Қозоғистон Энергетика вазирлиги раҳбари Алмасадам Саткалиев, Тожикистон Бош вазири ўринбосари Усмонзода Усмонали ва Энергетика ва сув ресурслари вазири ўринбосари Манучеҳр Сафарзода иштирок этмоқда.
2023 йили томонлар Тожикистондаги энг йирик энергетика лойиҳаси бўлган, ҳали қурилиши давом этаётган Роғун ГЭСидан электр энергиясини етказиб бериш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди.
«Меморандум доирасида Роғун ГЭСидан Қозоғистонга электр энергиясини экспорт қилишнинг техник параметрлари ва тижорат шартларини, техник имкониятлар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда ҳамда электр энергиясини Ўзбекистон Республикаси электр тармоқлари орқали транзити бўйича келишилган режимларни кўриб чиқиш режалаштирилганини мамнуният билан қайд этаман», – деди Алмасадам Саткалиев.
Томонлар 15 октабрга қадар Марказий Осиё мамлакатларидаги манфаатдор ташкилотлар билан режадан ташқари электр энергияси оқимини тартибга солиш бўйича шартномалар тузиш имкониятларини муҳокама қилишга келишиб олдилар.
2018 йили Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этиш имкониятини кўриб чиқди, бироқ якуний қарор қабул қилинмади. 2022 йили республика ҳукумати ёз мавсумида Роғун ГЭСидан электр энергияси сотиб олиш ниятини билдирганди, деб ёзади Spot.uz.
Сўнгги йилларда Қозоғистон электр энергияси тақчиллигига дуч келди ва уни Россиядан етказиб бериш ҳисобига қопламоқда. 2024 йилнинг биринчи ярмида республика 1,6 миллиард киловатт-соат электр энергиясини импорт қилган.